БИОСИНТЕЗ (био… ва синтез) — тирик организмда ёки ундан ташқарида биокатализаторлар (ферментлар) таъсирида бирмунча оддий бирикмалардан органик моддалар ҳосил бўлиши. Биосинтез — ўсимликлар, ҳайвонлар ва микроорганизмларда содир бўладиган моддалар алмашинувининг таркибий қисмидир. Хемосинтезловчи бактериялардан ташқари ҳамма организмларда Биосинтез учун бирламчи энергия манбаи яшил ўсимликларда органик моддалар шаклида тўпланадиган қуёш энергияси ҳисобланади (қ. Хемосинтез, Ассимиляция, Фотосинтез). Ҳар қандай ҳужайра ўзига зарур бўладиган моддаларни синтезлайди. Ҳужайрада борадиган Биосинтезнинг хусусиятини унинг генетик аппаратида кодлашган ирсий ахборот белгилайди қ(. Оқсиллар, Генетик код). Организмдан ташқарида борадиган Биосинтездан халқ хўжалигининг турли соҳаларвда кенг қўлланиладиган биологик моддалар—витаминлар, айрим гормонлар, антибиотиклар, аминокислоталар, оқсиллар ва б. бирикмаларни саноат миқёсида олишда фойдаланилади.