БИОЛОГИК ПРОГРЕСС

БИОЛОГИК ПРОГРЕСС — муайян гуруҳга мансуб организмларнинг яшаш учун курашдаги муваффақияти. Биологик прогресс муайян таксонга мансуб организмлар сонининг ортиши, унинг ареали кенгайиши, таксон индивидларининг бир-биридан фарқ қиладиган янги кичик систематик гуруҳларга бўлиниб кетиши билан белгиланади (қ. Биологик регресс). Б. п. га олиб борадиган йўллар (омиллар)ни А. Н. Северцов аниклаб берган. Биринчиси—морфофизиологик прогресс, яъни ароморфоздир. Ароморфоз натижасида ҳайвон организмининг тузилиши ва органлари функциялари мураккаблашади, вояга етган авлодларнинг умумий ҳаёт фаолияти аждодлар хаёт фаолиятига нисбатан юқори даражага кўтарилади. Иккинчиси — идиоадаптация, яъни муайян чекланган муҳит шароитига мосланишдан иборат бўлиб, вояга етган авлодларнинг ҳаёт фаолияти ва тузилиши аждодларга нисбатан юқорига кўтарилмайди, лекин тур индивидлари яшаш шароитларига яхши мослашган бўлади. Учинчиси — ценогенезлар, яъни ҳайвонларнинг эмбрион ва личинка даврида мосланиши, бундай ценогенезлар натижасида вояга етган авлодларнинг тузилиши ва ҳаёт фаолиятида ўзгариш бўлмайди, лекин келгуси бўғинларда организмлар сони ошади. Тўртинчиси— умумий дегенерация, яъни вояга етган авлодларнинг тузилиши соддалашуви орқали содир бўладиган мослашувдан иборат (қ. Прогресс).