БИОГЕОКИМЁ

БИОГЕОКИМЁ — тирик организмлар иштирокида Ер биосферасида кимёвий элементларнинг айланишини ўрганадиган фан. Б. тушунчасини фанга рус олими В. И. Вернадский киритган. У тирик модданинг планета миқёсида содир бўладиган геокимёвий жараёнлардаги аҳамиятини кўрсатиб берган. Биогеокимёнинг замонавий муаммолари биоген элементлар геокимёвий циклининг миқдорий моделини кашф этиш, тирик организмларда элементларнинг миграцияси ва тўпланиши қонуниятларини очиб бериш, Ер юзини биокимёвий районлаштириш фойдали қазилмалар ҳосил бўлиши эволюцияси ва емирилишида тирик организмларнинг иштироки, уларнинг биоиндикацияси ва б. дан иборат. Биокимёвий циклларга инсон фаолияти таъсирини аниклаш, биосферанинг ривожланишини башорат қилиш биокимёнинг энг муҳим масалаларидан ҳисобланади. Биокимёвий методлар билан тупроқ ва унда ўсадиган ўсимликлар хили ҳамда кимёвий таркибига асосланиб маъданли элементларнинг микдори ва тарқалиши тўғрисида хулоса чиқариш мумкин. Акад. В. И. Вернадский ва А. П. Виноградов асос солган бу методни Ўзбекистонда биринчи марта М. А. Риш, В. И. Ездаков, И. Ҳ. Ҳамробоев, Д. П. Малюга, Р. М. Толиповлар қўллаган. Биогеокимё методига асосланиб, Томди, Олмалиқ, Қўйтош ва б. ҳудудларда олтин, мис каби турли металлар тарқалган майдонлар аникланди. Олмалиқ ва Нурота ҳудудларининг эчкимия, зўрча, қумиспарак, дастарбош ўсимликлари ўсган жойларда мис; сутчўп ўсимликлари бор жойларда симоб конлари топилган. Маъданли конлар бор жойда ўсадиган ўсимликлар таркибида мазкур элементларнинг микдори бошқа ердаги ўсимликлардагига нисбатан кўп бўлади.

Ад.: Абдуллаев X., Биогеохимия асослари, Т., 1987.