«БИЗНЕС-ВЕСТНИК ВОСТОКА», «БВВ» («Шарқ бизнес хабарлари») — ишбилармон ва тадбиркорларнинг ҳафталик газетаси. Тошкентда 1991 й. авг. дан рус тилида нашр этилади. Ўзбекистон Республикасининг иқтисодиёти, савдо, молия тизими, корхоналар, ташкилотлар, фирмалар, шунингдек тижорат соҳасида иш юритувчилар фаолиятини ёритади. Асосан, ишбилармонлик, тижорат хабарлари ва кўплаб рекламалар, маслаҳатлар, жумладан, Ўрта Осиё товар бозори ҳақида маълумотлар, Ўрта Осиё давлатларидаги иқтисодий ислоҳотлар, хусусан, иқтисодиётга оид меъёрий қонун ҳужжатларига шарҳлар беради. Биржа бюллетенлари, маълумотларини чоп этади. Шарқ ва Ғарб, узоқ ва яқин хориж мамлакатлари иқтисодиётининг муҳим қирралари, мамлакатлараро ҳамкорлик муносабатлари, Ўзбекистоннинг энг яхши фирмалари ва ишбилармонлари ҳақида материаллар беради. «БВВ» Интернет алоқа тизимидан фойдаланади. Адади 10 мингдан ортиқ нусха (2001). МДҲ ва Болтиқбўйи мамлакатларида ҳам ўз обуначиларига эга.