БИБЛИОГРАФИЯ

БИБЛИОГРАФИЯ (юн. biblion китоб ва… графин) — матбуот ҳамда ёзув асарлари ҳақида ахборот тайёрлаш ва бериш ҳамда уларни маълум ижтимоий мақсадларда тарғиб қилиш б-н шуғулланадиган илмий ва амалий фаолият соҳаси. Библиография маҳсулотлари, назарияси, тарихи, фаолиятини ташкил этиш ва услубияти билан шуғулланадиган фан Б. фани деб аталади. Библиография тараққиётини турли хил библиографик маълумотнома адабиётларини тузадиган махсус ташкилотлар Б(. хизмати) тизими таъминлайди.

Библиография тузиш қад. дунёда пайдо бўлган (жумладан мил. ав. 3-а. да Александрия кутубхонасида Каллимах раҳбарлигида тузилган библиографик жадвал). «Библиография» термини дастлаб китоб кўчириб ёзишни англатган, вакт утиши билан (17а. ўрталаридан) китоблар баёнини биддиради. Библиография тарихи китоб босиш юзага келиши билан бошланди. Босма асарларнинг барча турлари, қўлёзмалар, ижтимоий илмий аҳамиятга эга бўлган энг янги қўлёзмалар (диссертациялар, саклашга топширилган қўлёзмалар) Библиографиянинг ўрганиш соҳасидир. Техника тараққиёти, микрофильм, овоз ёзиш (грампластинка) ва б. нинг пайдо бўлиши, матн ёзишнинг ўзгариши Библиография кўламини кенгайтирмоқда. Библиография тарақкиётига фан ва маданият ютуқлари, жамиятнинг қироатхонлик талабининг ўсиши катта таъсир этади. Ўз навбатида Библиография ҳам илмий, адабий ва техник ижодиётга, нашриёт ва кутубхонашуносликка, китоб савдоси, таълим ва мустакил таълимга таъсир кўрсатади. Библиография босма асарларни . аникдаш, саралаш ва изохлаш билан фан тараққиёти ютукларини жамлашга ва кейинги тадқиқотларга замин яратади, маданият ривожига айрим шахс, халқ ёки мамлакатнинг қўшган ҳиссасини ўзида акс эттиради; масалани ўрганишга оид зарур тарихий асарларни кўрсатади. Кутубхоналарда тўпланган ёки янги босмадан чиққан босма асарларни тарғиб қилиб, Библиография алоҳида илмий мухит, сиёсий, фалсафий ва эстетик қарашларни тарқалишига, шунингдек техникавий малакани ошишига таъсир этади. Библиография илмий ва техника хабарлари билан якин алокада. Улардан фарқли ўлароқ, илмий назария, ғоя, далиллар ҳакида эмас, балки улар ҳақидаги босма асарлар тўғрисида маълумотлар бериб, илмий хабар билан бирга илмий, маърифий ва тарбиявий вазифани бажаради.

Кўпгина мамлакатларда, жумладан Ўзбекистонда ҳам босма асарнинг мажбурий (контроль) нусхаси жорий қилинган бўлиб, шу асосда босма асарни ҳисобга олиш, сўнг китобхонларга мўлжаллаб саралаш йўлга қўйилган. Босма асарларни уларнинг илмий ва ғоявий аҳамияти, шунингдек мазмунини ёритиб гуруҳларга ажратиш муҳим аҳамиятга эга. Босма асарлар турлар (китоблар, даврий нашрлар ва б.), расмий белгилар (алфавити, нашр жойи ёки санаси), мазмуни (мавзу, фан ва тармоклар) бўйича гурухланади. Бу босма асарларни гуруҳларга ажратишнинг умумий асосидир, библиографлар ҳар бир алоҳида ҳолларда ўзларининг тармоклар режасини яратади. Босма асарларнинг тавсифномаси муҳим аҳамиятга эга. Унинг асосий қисми тасвирлаш бўлиб, унга муаллиф фамилияси, асар сарлавҳаси, сарлавҳачаси, нашр жойи, нашриёт номи, нашр вақти (йили), ҳажми (саҳифа ва безаклар сони), зарур бўлганда адади, нархи ва б. ҳақидаги маълумотлар киради. Тасвирлаш элементлари, одатда, ўрнатилган қоидалар, шунингдек стандартлар асосида белгиланади. Босма асарлар мазмуни тавсифномасининг асосий шакллари — аннотация, реферат, гуруҳ ахборот (обзор).

Ижтимоий вазифасига кўра, давлат Б. си, илмий ёрдамчи Библиография ва тавсия Библиография сига; мазмунига кўра, умумий, соҳа ва мавзули Библиографияга бўлинади. Библиографиянинг алоҳида турини библиография библиографияси, биобиблиография (шахс Б. си), ва ўлкашунослик Б. си ташкил этади. Бу бўлиниш нисбийдир. Нашр шаклига кўра, библиографик қўлланмалар, библиографик журналлар, бюллетень, газета, китоб ва мақолалар кўрсаткичлари ва адабиётлар рўйхати кабилар фаркланади.

Туркистонда Библиография иши 9 — 15-а. лардаёқ ривожлана бошлаган. Фан ва адабиётимизнинг йирик вакиллари (Абу Али ибн Сино, Абу Райҳон Беруний ва б.)нинг асарларида сарой кутубхоналари томонидан ўз жамғармаларининг Библиография руйхати ва уларни тасниф килиш ишлари олиб борилганлиги ҳақида маълумотлар бор. Жумладан, Беруний «Фиҳрист кутуб Муҳаммад ибн Закариё арРозий» («Муҳаммад ибн Закариё арРозий китобларининг рўйхати») номли Муҳаммад ибн Закариё Розий ижодига оид Библиография тузади. Кўрсаткичда Розийнинг 184 асарининг рўйхатини бериш билан бирга Берунийнинг 1036 й. гача ёзган 113 асарининг рўйхати ҳам келтирилади. Библиография қўлланмалари тузиш кейинги даврларда ҳам давом этди: Ибн Абдуллаҳаб Ёқутнинг «Исмлар луғати ва фанлар мазмуни» (12-а.); Хожа Халифанинг «Китоб ва фан номларидаги шубханинг бартараф этилиши» (18-а.) ва б.

Туркистонни Россия босиб олгандан кейин Библиография билан рус библиографлари (Н. В. Дмитровский, В. И. Межов ва б.) шуғулланган. 20-а. 20 — 30-й. ларидан Библиография ишига жиддий ахамият берила бошланди ва ҳоз. кунда муҳим давлат ишига айланган. 1926 й. дан Ўзбекистон Республикаси Китоб палатаси, 1930 й. дан Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Республикаси давлат кутубхонаси Библиография бўлимининг ташкил қилиниши узбек миллий Библиография сининг ривожланишига замин яратди. Узбек тилида тузилган дастлабки кўрсаткич С. Долимов ва Ф. Убайдуллаевнинг «Мукаммал илмий библиография» (1934) асари бўлиб, унда 3 минг китобнинг тавсифи берилган.

Ўзбекистон Республикаси миллий китоб палатаси республика давлат Библиография сининг асосий марказидир. ЎзРда Библиография иши б-н, шунингдек Ўзбекистон Давлат кутубхонаси, Ўзбекистон ФА асосий кутубхонаси ва б. кутубхоналар ҳам шуғулланади. Библиография ишига оид илмий ишлар асосан Абдулла Қодирий номидаги Тошкент давлат маданият ин-тининг «Библиография» кафедрасида олиб борилади.

Муса Туропов, Ҳамрохон Маматраимова.