БЕҲЗОД МИНИАТЮРА МАКТАБИ

БЕҲЗОД МИНИАТЮРА МАКТАБИ — Шарқ миниатюра санъатида Беҳзод ижоди таъсирида (15-а. охири — 16-а. бошларида) юзага келган ўзига хос йўналиш. Камолиддин Беҳзод асос солган ва унинг шогирдлари, издошлари (Қосим Али, Дарвеш Муҳаммад, Музаффар Али, Ҳожи Муҳаммад, Мир Сайд Али Термизий, Маҳмуд Музаҳҳиб ва б.) томонидан ривожлантирилган. Беҳзод миниатюра мактаби Шарқ тасвирий санъатининг анъанавий хусусиятлари (мужассамот ечими, бадиий услубдаги шартлилик)ни сақдаган ҳолда уни янги ижодий анъаналар билан бойитди. Беҳзод миниатюра мактаби Бухоро, Табриз ва Ҳиндистон миниатюра мактабларига ҳам самарали таъсир кўрсатган. Ҳатто 20-а. бошларида Европада юзага келган импрессионистлар ижодида ҳам Беҳзод миниатюра мактаби таъсирини кўриш мумкин. Узбек рассомларидан Ч. Аҳмаров, Усто Мўмин (А. Николаев), Ш. Ҳасанова, Ж. Умарбеков, Т. Муҳамедов, Т. Саъдуллаев, Ш. Муҳаммаджонов ва б. уз ижодларида Беҳзод миниатюра мактаби анъаналаридан фойдаланган.