БЕШҚИЗ — Сурхондарё вилоятидаги тоғлар. ШерободСариқамиш қатор тепа (гряда)лари таркибига киради. Жан. ғарбда Шеробод дарёси водийси ва шим. шарқца Кўксой водийси оралиғида. Уз. 12 км, энг баланд жойи 956 м, чеккаларида 550—600 м гача пасаяди. Жан. шарқий ён бағирлари анча тикроқ ва камбар, юқори палеогеннинг оҳактошларидан тузилган. Шим. ғарбий ён бағирлари юқори бўр даврининг қумтош, алевролит, оҳактошлари ва гипедан ташкил топган. Палеогеннинг қаттиқ оҳактошлари (бухоро яруси) тик ён бағирлар ҳосил қилган (Қангли тизмаси). Ён бағирларни кесиб ўтган қуруқ сойларда тор даралар (Қопчиғай дараси ва б.) мавжуд. Эрта баҳорда жала ёққан пайтларда муваққат оқимлар вужудга келади. Нураш қобиғи бўлган жойларда тўқ бўз тупроқлар таркиб топган, улар асосан дағал механик таркибга эга. Ён бағирларда қўнғирбош, илоқ, эфемероидлар, улар билан бирга тоғ шувоғи, биюрғун, шўра, гулхайри, оққурай ўсади. Баҳор ва кузда яйлов сифатида фойдаланилади.