БЕШИКТЕРВАТАРЛАР

БЕШИКТЕРВАТАРЛАР (Mantoptera, Mantodea) — ҳашаротлар туряуми. Танаси йирик ва чўзиқ. Боши танасидан аниқажралиб туради, жуда ҳаракатчан. Бошининг икки ёнида йирик фасеткали кўзлари жойлашган. Оғиз органлари кемирувчи типда. Олдкўкрак бўғими жуда узун. Олдинги оёқлари йирик ва узун, тутувчи, ички томонида йирик тиканлари бор. Бошқа оёқлари югурувчи. Қанотлари яхши ривожланган, тўрсимон. Олдинги қанотлари нисбатан ингичка ва қалин бўлиб, тинч ҳолатда кенг орқа қанотлари устида елпиғичсимон тахланиб туради. Қорни чўзиқ, юмшоқ, 10 бўғимли. Хавфхатар туғилганида ёки ўлжа пойлаётганида олдинги оёқлари ва танасининг олдинги қисмини даст кўтариб тебраниб туради. Шу сабабдан «бешиктерватар» деб аталган. Урғочиси эркагига нисбатан йирикроқ, тухумларини кузда ўсимликларнинг шохларига, тошлар ёки бошқа нарсалар устига тўптўп қилиб махсус тухум халтаси (оотека)га қўяди. Баҳорда тухумдан чиққан личинкалар чала ўзгариш орқали ривожланади, 5—8 марта туллаб вояга етади. Йил давомида битта авлоди ривожланади. Бешиктерватарлар йиртқич, личинкалари майда ҳашаротлар (шира битлари, қандалалар, пашшалар, жизилдоқлар ва б.), вояга етган даврида чигирткалар, чирилдоқлар, ариларни тутиб ейди. Озиқ танқислигида ўз тури индивидларига ҳам ҳужум қилади. Ов қилаётган Бешиктерватарлар ўз жойини бошқалардан қўриқлайди. Бешиктерватарлар жуда фойдали, лекин уларни ҳар хил ҳашаротлар, қушлар (чуғурчуқ, чумчуқлар), ўргимчаксимонлар тутиб ейди. Душманлардан сақланиш учун Бешиктерватарларнинг ҳимоя воситалари: мимикрия, ниқобланиш ранги яхши ривожланган. 2000 га яқин тури маълум, асосан тропик ва субтропик минтақаларда тарқалган. Ўрта Осиёда ва хусусан Ўзбекистонда 20 га яқин тури бор. Бешиктерватарлар туркуми эмпузалар (Empusidae) ва асл Бешиктерватарлар оилаларига бўлинади. Патмўйлов эмпуза (Empusa pennicornis) йирик (50—60 мм) ҳашарот бўлиб, бошида конуссимон узун ўсимтаси бор, эркагининг мўйлови патсимон, чўл ва тоғ олди минтақаларида яшил ўтлар орасида учрайди. Асл Бешиктерватарлар 5—6 уруғни ўз ичига олади. Ўрта Осиёда 3 тури учрайди. Оддий Бешиктерватарлар (Mantis religiosa) йирик (50—60 мм), яшил ёки баъзан қўнғирсарғиш тусда бўлади. Дарахт бешиктерватари (Hierodula temidentata) Ўрта Осиё фаунаси учун эндемик, оддий бешиктерватардан устки қанотида оқ доғи (кўзча) бўлиши билан фарқ қилади. Дарахт, бута ва токзорларда яккаякка бўлиб, яширин ҳаёт кечиради. Кулранг ёки калтақанот бешиктерватар (Bolivaria brachyptera) чўл ва қуруқ тоғ олди минтақасида кенг тарқалган. Ўтлар ва буталар орасида 2000 м гача баландликда учрайди. Қуруқ тошлоқ тоғ ён бағирларида Armene уруғига мансуб энг майда Бешиктерватарлар, хусусан A. pusilla учрайди.