БЕШИК

БЕШИК — чақалоқни белаб ва тебратиб ухлатиш учун мўлжалланган йўрға оёқли махсус мослама. Асосан тут, тол ва б. ёғочдан ясалади. Уз. 1—1,05 м, бал. 50 см дан 60 см гача. Бешикнинг тузилиши: тўрттадан саккизта устбози (помбози) ва такбози (гирдбози) билан ўралган; бола ётиши учун такбозилар устига юпқа тахтачалар ўрнатилади (унда тувак учун махсус жой ажратилади). Бешикнинг икки томонидаги ярим дойра шаклидаги йўрға (оёқ)ларига уз. 1,2 м, эни 8—10 см бўлган эгмоч (қосқон) ўрнатилади, эгмочга даста бириктирилади. Дастанинг иккала томонига қуббалар ясалади. Боланинг бош ва оёқларини муҳофаза қилиш учун эгмочларнинг ичига бошлоғи ва бағалак чўплар ўрнатилади. Бешик нақшлар б-н безатилади ёки рангбаранг бўёклар б-н бўялади, сўнг баъзан лок суртилади. Болани белаш учун ип ёки шойи матодан махсус тикилган абзаллар (қовуз тўшакча, таглик кўрпача, ёстиқчалар, қўлбоғлар, говрапўш, чойшаб ва б.) ишлатилади. Бешикда ётганда боланинг таги қуруқ, тоза туради; Б. нинг бир маромда тебранишига она алласининг ҳамоҳанглиги Бешик даги болага яхши таъсир этади, унинг тинч осуда ухлашини, руҳан соғлом яхши ривожланишини таъминлайди.

Бешик қадимдан узбек, тожик, туркман, қорақалпоқ, қирғиз ва б. шарқ халқлари орасида кенг тарқалган. Қад. манбаларда, хусусан «Девону луғотит турк» (11-а.)да тилга олинган.