БЕТАНУРЛАР ДЕТЕКТОРИ

БЕТАНУРЛАР ДЕТЕКТОРИ — ядро нурланишини қайд қилувчи асбоб. Б. н. д. сифатида, асосан, Гейгер— Мюллер газ ҳисоблагичлари ишлатилади. Газ ҳисоблагичида бетанурланишнинг айрим зарраларини қайд қилиш мумкин. Газ ҳисоблагичининг ишлаш тарзи унда бетанурланишнинг ҳар бир зарраси ҳосил қилган ионлашиш токини кучайтиришга асосланган. Газ ҳисоблагичи ичига ингичка металл сим тортилган металл ёки шиша цилиндрдан иборат (расм). Цилиндр газлар аралашмаси билан тўлдирилади. Шиша цилиндрнинг юпқа металл қатлами билан қопланган ички сирти юқори кучланишли батареянинг манфий қутбига уланади. Иккинчи электрод батареянинг мусбат кугбига R қаршилик орқали уланади. Бетанурланиш зарралари газ ҳисоблагичидан ўтганда газ ионлашади, натижада электродлар орасида разряд пайдо бўлади. Занжирдан ток ока бошлайди, ҳисоблагичда кучланиш пасаяди, разряд сўнади. Шундай қилиб, ҳар бир зарра ҳисоблагичда қисқа муддатли ток импульсини ҳосил қилади. Бу ток импульси электрон қурилмаларда кучайтирилгач, одатдаги электромеханик хисобчи (нумератор) ёки микроамперметр милини ҳаракатга келтиради.

Сўнгги пайтларда люминесценцияга асосланган дстекторлар ҳам ишлатилмоқда. Люминесценцияланиш крбилиятига эга бўлган (антрацен, стилбен, тефенил, йодли натрий ва б.) муҳитдан зарра ўтганда қисқа муддатли кучеиз ёруғлик нури пайдо бўлади. Бу ёруғлик нури сцинтилляцион ҳисоблагичда қайд қилинади. Кейинги вақтларда Бетанурлар детектори сифатида германий, германийлитий каби яримўтказгичларнинг баъзи радиацион хусусиятларидан ҳам фойдаланилмоқда.

Ад:. Мухин К. Н.. Экспериментальная ядерная физика, М., 1974; Бекжонов Р. Б., Модда тузилиши, Т., 1997.