БЕСС — ахоманийларнинг Бақтрия ва Суғдиёнадаги сатрапи (ҳокими). Ахоманийлар наслидан. Мил. ав. 333 й. Александр қўшинлари билан Доро III қўшинлари ўртасида бўлган Гавгамела жангўда Эрон отлиқ лашкарига қўмондонлик қилган. Эрон қўшинлари енгилгач, Б. Спитамен, Оксиарт, Датафарн каби лашкарбошилар ҳамда Доро III билан биргаликда Суғдиёнага чекинади ва қариндоши Доро III ни хоинона ўлдириб, ўзини ахоманийлар давлатининг олий ҳукмдори—Артаксеркс IV деб эълон қилади. Александр унга қарши Птолемей Лаг бошчилигида лашкар юборади. Птолемей Лаг Бесс турган қишлоқни қуршаб олиб, қишлоқ аҳлидан уни тутиб топширишни талаб қилади, акс ҳолда барчаларини ўлдириб, қишлоқнинг кулини кўкка совуражагини айтади. Шунда мазкур қишлоқ аҳли Птолемей Лаг лашкарига қаршилик кўрсатмайди. Птолемей Лаг Бессни тутиб бўйнига сиртмоқ солиб, қипяланғоч ҳолда Александр қўшини ўтадиган йўл бўйида қолдиради. Александр ўша йўлдан кетаётиб Бессга кўзи тушадида, ундан нега ўз қаримдоши ва подшоҳини ўлдирганини сўрайди. Шунда Б. Доронинг мулозимлари қуткуви билан ҳамда Александрнинг кўнглини олиш учун шундай қилганини айтади. Александр ғазабланиб, Бесснинг бурун ва қулокларини кесишни, сўнг уни Экбатана (Ҳамадон)га юбориб, ўша ерда мидияликлар ва форслар кўз олдида қатл этишни буюради.
Баъзи олимларнинг Ш. ( Камолиддинов) фикрича, Бесс асир олинган жой ҳоз. Қашқадарё вилоятидаги Узунқир қалъаси харобаси ўрнида бўлган, бу қалъа чекинаётган суғдийларнинг бутун армиясини сиғдира олган. Амударёдаги Шўроб кечувидан Узунқир қалъасигача 240 км бўлиб, ўрта аср карвонлари учун 8 кунлик йўл бўлган. Юнонмакедон отряди бир неча ерда тўхтаб дам олгач, бу масофани 4 кунда босиб ўтган. Бесс ўшанда Узунқирдан 650 м жан. да жойлашган маҳаллий ҳокимнинг қароргоҳи— Сангиртепа қалъасига яширинган бўлса керак.
Ад.: Камалиддинов Ш. С, Историческая география Южного Согда и Тохаристана по арабоязычным источникам IX—начала XIII вв., Т., 1996, с. 17; Арриан, Поход Александра, М. — Л., 1962.