БЕРУНИЙ НОМИДАГИ ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ДАВЛАТ МУКОФОТИ — фан ва техника соҳасидаги мукофот. Айрим олим ёки олимлар гуруҳига илмфан тараққиётига улкан ҳисса қўшадиган, юксак амалий аҳамиятга молик бўлган, республика илмфани ва техникасининг жаҳон ютуклари даражасига чиқишини таъминлайдиган тадқиқотлар; республика илмийтехника дастурлари, лойиҳаларини амалга оширишда жиддий натижаларга эришганлик; ўз кўрсаткичларига кўра энг яхши жаҳон намуналари даражасидаги ёки улардан юқори бўлган техника, материаллар ва технологияларнинг янги турларини ишлаб чиққанлик, жорий этганлик ва и. ч. да ўзлаштирганлик; моддий, табиий, меҳнат ресурсларининг кўплаб тежалишини, атроф муҳит муҳофазасини таъминловчи технологияларни яратганлик ва жорий этганлик; Ўзбекистоннинг маънавий мероси ва уни ривожлантириш истиқболларини, жамиятнинг маданий ва ижтимоий тараққиётини чуқур англашга кўмаклашадиган ижтимоийгуманитар фанлар соҳасидаги алоҳида муҳим ютуқлар; жамоатчилик томонидан кенг эътироф этилган, уч ва ундан ортиқ марта нашр қилинган, ўзида янги илмий ғояларни мужассамлаштирган, олий ўқув юртлари учун мўлжалланган оригинал дарсликлар учун берилади. Дастлаб ЎзССР Давлат мукофоти сифатида 1967 й. 6 сент. да таъсис этилган. 1991 й. 5 мартдан ЎзР Давлат мукофоти. ЎзР Вазирлар Маҳкамасининг 1996 й. 13 фев. даги қарори билан таъсис қарорига ўзгартиришлар киритилган. Мукофотга такдим этилган ишларни тавсия қилиш, муҳокамадан, экспертизадан ўтказишни ташкил этиш ва мукофотлаш билан боғлиқ бошқа ишларни бажариш учун ЎзР Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида Фан ва техника соҳасида Беруний (Абу Райҳон Беруний) номидаги ЎзР Давлат мукофотлари қўмитаси тузилган. Мукофот ЎзР Президенти Фармони билан ҳар 3 й. да Мустақиллик байрами арафасида берилади. Мукофотланганларга Абу Райҳон Беруний тасвири туширилган фахрий нишон ва тегишли гувоҳнома топширилади. 1996 и. га қадар 407 киши шундай мукофотга сазовор бўлган.