БЕРЛИН ОПЕРАЦИЯСИ — 2-жаҳон уруши даврида амалга оширилган энг йирик ҳарбий операциялардан бири (1945 и. 16.4. —8.5). 1-ва 2-Белоруссия ва 1-Украина (қўмондонлар — Г. К. Жуков, К. К. Рокоссовский, И. С. Конев) фронтлари қўшинлари немис қўшинларининг Одер, Нейсе дарёлари бўйлари ва Зелов тепаликларидаги мудофаасини ёриб ўтиб. душманнинг Берлин ва Берлиннинг жан. шарқроғидаги йирик гуруҳларини қуршаб олди, сўнг қаттиқ жангларда уларни йўқ қилди. Собиқ Иттифоқ қўшинлари 30 апрда штурм билан рейхстагни эгаллади; 2 майда Берлин гарнизонининг омон қолган қисми таслим бўлди. 8 майда Германия қўмондонлиги вакиллари Берлинда фашистлар Германияси қуролли кучларининг сўзсиз таслим бўлгани хусусидаги ҳужжатни имзолади.