БЕНГАЛ (БАНГОЛ) ОЛОВИ — барий нитрат (оксидловчи), кукун ҳолдаги алюминий ёки магний (ёқилғи), декстран ёки крахмал (цементатор) ва темир ё пўлат қипиғидан тузилган пиротехник аралашма. У темир сим бўлакларига сурилиб, бенгал шамлари ясалади. Бенгал (бангол) олови ёқилганда секин ёниб, чақновчи равшан учқунлар (ҳавода ёниб бўладиган металл заррачалари) сочади. Қоғоз гильзаларга тўлдириб тайёрланган Бенгал (бангол) олови мушакбозликда, байрам тантаналарида ва сигнализацияда ишлатилади.