БЕЛИЗ (Belize) — Марказий Америкадаги давлат. Юкатан я. о. нинг жан. шарқида жойлашган. Майд. 23 минг км2. Аҳолиси 228,6 минг киши (1997): асосан негрлар, мулатлар, дурагаилар, индейслар. Аҳолининг 60% шаҳарларда яшайди. Расмий тили — инглиз тили. Диндорларнинг 60% — католик, қолганлари — протестантлар. Пойтахти — Бельмопан ш. Маъмурий жиҳатдан 6 округга бўлинади. Ҳамдўстлик таркибига киради. Давлат бошлиғи Буюк Британия қироличаси, генералгубернатор унинг вакили ҳисобланади. Қонун чиқарувчи органи — икки палатали (сенат ва вакиллар палатаси) Миллим мажлис (парламент). Ижрочи ҳокимият — бош вазир бошчилигидаги ҳукумат. Бирлашган халқ партияси (1950), Б. ҳуқуқи учун миллий альянс (1992), Бирлашган демократик партия (1974) каби партиялар, Белиз миллий касаба уюшма конгресси, Меҳнаткашларнинг бирлашган умумий уюшмаси (1979, Халқаро эркин касаба уюшмалари конфедерациясига киради) мавжуд.
Ер юзаси асосан текисликдан иборат, жан. қисмида 1122 м гача баландликдаги Майя тоғлари жойлашган. Нефть конлари бор. Иқлими — тропик, пассат (тропиклардан экватор томон доим шамол эсиб туради). Ҳавонинг ўртача ойлик т-раси 25°, 27°. Йилига 2000 мм га яқин ёғин ёғади. Катта дарёлари РиоОндо ва Белиз, кўллар, соҳил бўйлаб лагуна (қўлтиқ)лар кўп. Ҳудудининг катта қисми нам тропик ўрмонлар, аксари қимматли дарахт турлари билан қопланган, шим. да — саванна. Б. ҳайвонот дунёси турли-туман.
16-а. бошларигача Белиз ҳудудида индейс қабилалари яшаган. 16-а. бошида испанлар босиб олган ва уларнинг мустамлакасига айланган. 1862 й. дан Британия Гондураси номи билан Буюк Британия мустамлакаси. 1964 й. ички ўзини ўзи бошқариш ҳуқуқини олган. 1973 й. дан мамлакат расмий равишда Белиз деб атала бошлади. 1981 й. 21 сент. да Белиз мустақиллиги эълон қилинди. Белиз — аграр мамлакат. Иқгисодиётининг асоси қимматли дарахт турлари — қизил, сандал дарахтларини четга чиқариш учун тайёрлаш ва қайта ишлаш, сақич ишлаб чиқариладиган хом ашё — чикле смоласи (елими)ни йиғиш. Қ. х. четга чиқариладиган маҳсулотлар, асосан шакарқамиш, банан ва цитрус мевалари (апельсин, грейпфрут) етиштиришга ихтисослашган. Кокос пальмаси, ананас, банан, какао, ички истеъмол учун маккажўхори, шоли ҳам экилади. Жан. ҳудудларда чорвачилик б-н шуғулланилади. Балиқ, денгиз ҳайвонлари овланади, шунингдек тахта тилиш, пўлат прокатлаш ва озиқ-овқат саноати корхоналари мавжуд. Электр энергия и. ч. — 74 млн. кВтс. Қаттиқ қопламали автомобиль йўллари — 1,4 минг км. Асосий денгиз порти — Белиз, унинг яқинида, Стенли Филдда аэропорт бор. Белиздан четга хом шакар, кийим-кечак, мева консервалари, цитрус мевалар, ёғочнинг қимматли турлари, балиқ чиқарилади. Озиқ-овқат, асбобускуна, транспорт воситалари, кимёвий товарлар ва ёқилғи келтирилади. Савдосотикдаги асосий мижозлари — АҚШ, Буюк Британия, Канада, Ямайка, Мексика. Хорижий сайёҳлик ривожланган. Пул бирлиги — Б. доллари. «Амандала» (1969 й. дан), «Белиз Тайме» («Белиз вақти», 1956 й. дан), «Гавернмент газетт» («Ҳукумат газетаси»), «Пиплз пале» («Халқ нафаси», 1989 й. дан), «Рипортер» («Мухбир», 1968 й. дан) газ.
лари чиқади. 1937 й. дан ярим тижорат радиоэшиттириш хизмати мавжуд.