БЕЛГЛАР — 1) Сена ва Рейн дарёлари оралиғида яшаган шим. шарқий галль қабилалари. Римликларга дастлаб Юлий Цезарь юришлари муносабати б-н маълум бўлган. Қадимда жасур халқ саналган (Страбоннинг хабар беришича, 300000 кишилик қўшин туза олганлар); римликларга қаттиқ қаршилик кўрсатганлар; мил. ав. 57 — 46 й. ларда Цезарь легионлари томонидан бўйсундирилган. Белгларнинг машҳур қабилалари: ремлар, нервилар, белловаклар, свессонлар, амбианлар, моринлар, менапиялар, калетлар, велиокасслар, виромандуйлар, адуатуклар, эбуронлар, треверлар, атребатлар, токсандралар, секвонлар. Август даврида (мил. ав. 16й.) Белгика провинцияси барпо этилган. Гуманистлар томонидан 16-а. да қайта истилоҳга киритилган Белгика атамасидан Бельгия номи келиб чиққан;
2) қадимда Европанинг қитьа қисмидан Жан. Англияга кўчиб ўтган кельт қабилалари.