БЕКОБОД — Тошкент вилоятидаги шаҳар (1954 й. дан). Тошкентдан 189 км жан. да, Далварзин чўлининг жан. шарқида. Тожикистон Республикаси чегараси яқинида. Т. й. станцияси. Сирдарёнинг ҳар иккала соҳилида, шим.
шарқ ва жан. шарқдан тоғ тизмалари билан ўралган. Иқлими кескин континентал. Июлнинг ўртача т-раси 28 — 30°, янв. ники —2, —3°. Йилига 300 мм дан зиёд ёғин тушади. Аҳолиси 85,4 минг киши (2000), асосан ўзбеклар; шунингдек рус, татар, корейс, қозоқ, тожик ва б. ҳам яшайди. Бекобод яқинидан Далварзин ва Дўстлик каналлари бошланади. Б. ЎзРнинг индустрия марказларидан бири. 1942 й. металлургия з-ди курила бошлади. Ўрта Осиёдаги бу ягона қора металлургия маркази 1944 й. дастлабки пўлат ва 1946 й. биринчи прокат берди. Цемент к-ти, темирбетон буюмлари (суғориш новлари ва б.), қум-шағал, ғишт, пахта, сут ва нон з-длари, гўшт к-ти ва б. бор. Шаҳар яқинида 1943 й. Фарҳод ГЭС қурилган. Бекободда индустрия техникуми, тиббиёт билим юрти, 17 умумий таълим мактаби, 2 мусиқа ва спорт мактаб лари, 11 оммавий кутубхона, 1 клуб, 4 маданият уйи, металлургия маданият саройи. музей, 7 касалхона бор (2000).