БЕККЕРЕЛЬ (Becguerel) — француз физиклари:
1) Антуан Сезар (1788 —1878) — Париж ФА аъзоси. Илмий ишлари флуоресценция, фосфоресценция, термоэлектр, электр капиллярлик, модданинг магнит хоссалари, кристаллооптика, гальваник элементлар назарияси ва модданинг электр ўтказувчанлиги масалаларига оид;
2) Александр Эдмон (1820—91) — Антуан Сезарнинг ўғли, проф., Париж ФА президенти (1880). Фотогальваник эффектни кашф қилган, фосфоресценция, фотокимё, фотография, атмосфера электри ва ҳ. к. билан шуғулланган; 3) Антуан Анри (1852 — 1908) — Александр Эдмоннинг ўғли. Париж ФА аъзоси (1889). Қаттиқ жисмлар физикаси, пьезоэлектр ҳодисалари ҳамда ядро физикаси соҳаларида ишлаган. Уран тузларининг табиий радиоактивлигини кашф қилган (1896). Нобель мукофоти лауреати (1903; П. Кюри ва М. Склодовская-Кюри билан биргаликда);
4) Жан (1878 — 1953) — Антуан Анрининг ўғли. Париж ФА аъзоси. Кристаллар оптик ва магнитооптик ҳодисаларининг ўзгаришини текширган ҳамда фотолюминесценция билан шуғулланган.