БЕЗГАК ЧИВИНЛАРИ (Anopheles) – қон сўрувчи чивинлар уруғи. 300 га яқин тури (Ўзбекистонда 8 тури) маълум. 3 тури (A. sacharovi, A. superpictus, A. pulcherrimus) безгак касаллигини келтириб чиқарадиган безгак споралисини тарқатувчиси ҳисобланади. Танасининг уз. 6 — 8 мм. Безгак чивинлари кун ботиши б-н уча бошлайди, кундузи қоронғи, салқин пана жойларга бекиниб олади. Безгак чивинлари қўнганида бошини пастга эгиб, қорнини қўнган жойга нисбатан қия бурчак остида кўтариб туради. Қуртлари эса танасини горизонтал тутган ҳолда сувнинг сиртқи пардаси остига ёпишиб олади. Безгак чивинларини ана шу ҳолатига кўра бошқа безгак тарқатмайдиган чивинлардан осон фарқ қилиш мумкин, эркаги ўсимлик шираси б-н озиқланади, урғочисининг тухумлари фақат қон сўргандан сўнг ри-вожлана бошлайди. Урғочи Безгак чивинлари ўлжа қидириб ҳатто шамол эсаётган томонга, баъзан бир неча км масофага учиб бориши мумкин. Безгак чивинлари йирик ҳайвонлар ва одам қонини сўради. Урғочи чивин ўз тана оғирлигига нисбатан анча кўпроқ қон сўради. Сувга тухум қўяди. Қуртлари сувни фильтрлаб озиқланади.