БАҚЛАЖОН

БАҚЛАЖОН (Solanum melongena L.) — томатдошлар (итузумгуллилар оиласи)га мансуб бир йиллик ўсимлик, сабза-вот экини. Ёввойи ҳолда Жан. Осиё (Ҳиндистон, Мьянма)да ўсади. Бу ерларда жуда қадимдан маданийлаштирилган. Бақлажон тропик, субтропик ва мўътадил иқлимли жуда кўп мамлакатларда экилади. Иссиқсевар ва намсевар ўсимлик, унумдор тупроқларда яхши ҳосил беради. Бўйи 50 — 100 см. Сершох, гули якка ёки тўпгул, икки жинсли, четдан ёки ўзидан чангланади. Барги тухумсимон, уз. 7 — 15 см. Меваси чўзиқ (15 — 30 см), оч сариқ, тўқ бинафша, оч қизил ва қора рангда, силлиқ, ялтироқ. Уруғининг сирти майда чўтир, сарғиш, 1000 донаси 3,8 — 4,4 г. Эқилган уруғи тупроқ ҳарорати 13—14° бўлганда 20 — 25 кунда, 20—25° бўлганда 8—12 кунда униб чиқади. Бақлажон уруғи махсус парникларда сепилиб, кўчати 50—60 кун ичида далага ўтқазиш учун тайёр бўлади. Уруғи униб чиққандан биринчи меваси етилгунга қадар эртапишар навларда 110—120 кун, кечпишарларида 140 ва ундан кўп кун талаб қилади. Кўчати далага 70×30 — 45. 60×60, 70×70 см схемада экилади, қатор оралари ҳар галги суғоришдан сўнг юмшатилади. Бақлажон меваси ним қорайиб думбул бўлганда узилади, 200—450 (парвариши яхши бўлганда 800) ц/га ҳосил олинади. Меваси қовуриб, пишириб, консерва ҳолида истеъмол қилинади. Унингтаркибида кальций, темир, фосфор тузлари, В,, В2, С, Р витаминлари, ошловчи моддалар, қанд (2,7 — 4%), оқсил (0,6 — 1,4%) ва б. бор. Ўзбекистонда ўртапишар навлардан Болгар 87 (меваси узун ноксимон, қизғиш бинафша), Донской 14 (меваси ноксимон), Узун бинафшаранг 239, Исполин 63 (меваси цилиндрсимон), кечпишарларидан Қорагўзал (меваси жуда йирик, ноксимон) ва б. экилади.