БАХИЛТОҒ

БАХИЛТОҒ — Самарқанд вилоятининг шим.-ғарбидаги тоғ. Нурота тоғ тизимида, Оқтов тизмасининг ғарбий давоми. Уз. 50 км. Энг баланд жойи 2000 м. Ғарбга томон пасайиб боради (1000 м). Нурота тоғ оралиғи ботиғига қараган шим. ён бағри анча тик ва ўйдим-чуқур. Бахилтоғнинг ўқ қисми қуйи палеозойнинг метаморфик оҳактошларидан, этаклари бўр, палеоген ва кўпроқ тўртламчи давр ётқизикларидан ташкил топган. Юқори палеозой да юз берган герцин бурмаланишида қурукликка айланган ва альп бурмаланиши даври (палеоген охири)да ювилган. Неоген (миоцен ва плиоцен)даги альп бурмаланишида емирилган. Шим. ён бағирларида тупроқ ва ўсимлик қопламлари мутлақо йўқ. Жан. ён бағирларида карбонатли жигарранг ва тўқ бўз тупроқлар тарқалган бўлиб, буғдойиқ, тоғ-райхон, кийикўт, тоғ пиёзи, шувоқ, коврак ва б. ўсади. Сойлар оралиғидаги сувайирғичларда қўнғирбош, тоғтерак, каррак учрайди. Ён бағирларининг куйи қисми дарасимон водийлар бўлиб, уларда фақат баҳорда вақтинча сув оқади. Оқхаргул, бодом, зарқулоқ, туясингрен каби ўсимликлар тарқалган. Тоғ ён бағриларининг ўйдимчуқурлиги, оқар сувларнинг йўкдиги ва яйловларда ўсимлик камлиги туфайли маҳаллий аҳоли уни Бахилтоғ деб атайди. Чорвачиликда аҳамияти кам.