БАТИСКАФ

БАТИСКАФ (юн. bathus — чуқур ва skaphos — кема) — чуқур сув остида океанографик ва б. тадқиқотлар олиб бориш учун мўлжалланган ўзи юрар аппарат. Сувдан енгил суюқлик (бензин) тўлдирилган корпус ва пўлат шар (гондола)дан иборат. Корпусида балластли цистерналар ва аккумуляторлар батареяси бор. Гондоласида Батискаф экипажи (1 — 3 киши), бошқариш аппаратлари, ҳаво алмаштириш тизими, радиостанция, ультратовуш телефони, телевизион камера ва и. т. асбоблари бўлади. Ташқарисига ёритқичлар ва эшкак винтли электр двигателлар ўрнатилади. Замонавий Блар грунт намунасини оладиган қурилмалар, фотоаппаратура ва сув ости ишларини бажариш учун масофадан туриб бошқариш манипуляторлари билан жиҳозланади. Қаттиқ балласт (одатда, пўлат питралар)ни ташлаб юбориш ва маневр цистернасидан бензинни тўкиш йўли билан Батискафнинг сузувчанлиги ростланади. Дастлабки Батискаф (ФНРС-2) ни Швейцария олими О. Пиккар 1948 й. да ясаб, синаб кўрган. О. Пиккар уғли Жак билан 1953 й. да «Триест» Б. ида 3160 м чуқурликка тушган. Ж. Пиккар ва Д. Уолш 1960 й. да такомиллаштирилган «Триест» Б. ида Тинч океандаги Мариана ботиғининг энг чуқур (тахм. 11 минг м) жойига тушишган.