БАСКЛАР МАМЛАКАТИ

БАСКЛАР МАМЛАКАТИ (Баскония; баскча — Эускади) — Испаниянинг мухтор тарихий вилояти. Атлантика океанининг Бискай қўлтиғи ёнида. Майд. 7,3 минг км2. Аҳолиси 2,1 млн. киши (1992), аксарияти басклар. Маъмурий маркази — Виктория ш. Бискай, Гипускоа ва Алава провинцияларини ўз ичига олади. Мил. ав. 1-а. — мил. 5-а. ўрталаригача басклар эгаллаган ҳудуд. Римга фақат номигагина қарам бўлган. Пиренея я. о. да вестгот ва араблар ҳукмронлиги даврида ҳам басклар мустақил, эркин бўлиб қолган; Реконкиста таянчи бўлган. 11 — 15-а. ларда Басклар мамлакати Наварра ва Кастилия ҳукмронлиги остида, 15-а. охири ва 16-а. ларда Испания давлати таркибига кирган ва 1876 й. гача маълум даражада ўз мухториятини сақлаб қолган. 1936 й. да мухтор р-н мақомини олди ва Басклар мамлакати деб номланди. 1939 й. да Басклар мамлакати мухторияти бекор қилинди. 1978 й. ги конституцияга биноан вақтинча, 1980 й. янв. дан яна доимий мухториятга эришди.

Табиати. Басклар мамлакати Кантабрия тоғларининг (мутлақ бал. 1000 — 1500 м) шарқий қисмида. Соҳил қисми тепаликлардан иборат. Иқлими мўътадил денгиз иқлими, йиллик ёғин 1200 мм. Дарёлари (Урумеа, Дева ва Нервьон) қисқа ва серсув, Бискай қўлтиғига қуйилади. Toғ ён бағирларида дуб, қора қайин, каштан ўсади.

Хўжалиги. Басклар мамлакати Испаниянинг иқтисодий жиҳатдан ривожланган вилояти. Қўрғошин, pyx ва темир рудаси, каолин ва мармар каби фойдали қазилмалари мавжуд. Қора металлургия саноати ривожланган. Турли хил машинасозлик: локомотивсозлик, кемасозлик, станоксозлик саноати корхоналари бор. Б. м. — Испаниянинг электротехника ускуналари ишлаб чикарадиган асосий рни, кимё (кокскимё), цемент, қоғоз, балиқ консерва саноатлари ҳам тараққий қилган. Саноат корхоналари асосан денгиз бўйида (айниқса Бильбао ш. ва унинг атрофида, Сан-Себастьян, Эйвар ш. ларида) жойлашган. Денгиз бўйи р-нлари гўшт-сут етиштиришга ихтисослашган, ички р-нларида кўпроқ деҳқончилик қилинади. Токчилик ва виночилик ривожланган. Денгиздан балиқ овланади.