БАСИЛЕЙ

БАСИЛЕЙ (басилевс) — 1) Пилос битикларига кўра, Микен даврида кичик қишлоқ ҳокими;

2) Гомер достонида — қабила ёхуд қабилалар иттифоқи раҳбари. Дастлаб сайлаб қўйилган, сўнгра ҳокимият мерос бўлиб ўтган;

3) Спарта шохларининг икки унвонидан бири;

4) Афинада — дастлаб қабила ёхуд қабилалар иттифоқи бошлиғи, сўнгра 2-архонт; 5) Юнон ва македон шохларининг эллинистик мамлакатларидаги унвони ва умуман юнон адабиётида шоҳни англатувчи атама;

6) Византия ва Рим императорларининг Августдан бошлаб олган унвони.