БАРҚУҚ

БАРҚУҚ (? – 1399) – черкас мамлукларидан бўлган Миср султони. Барқуқнинг отаси исломни қабул қилган эди. Қримда Барқуқни бир мусулмон сотиб олиб Мисрга юборган, у ерда 1364 й. амир Элбуғога сотган. Амир Барқуқнинг қобилиятли бола эканлигини пайқаб унга махсус тарбия берган, сўнгра амир унвонини берган. Султон Ал-Малик алАшраф даврида Барқуқ султон болаларининг тарбиячиси бўлган. У султон вафотидан сўнг тахтни зўрлик билан эгаллаб олган ва султон Ал-Малик аз-Зоҳир номини олган. Бироқ тез орада Барқуқ зиндонга ташланган. Унинг ўрнига тахтга Ҳожи Халифа ўтирган. Лекин янги султон билан Сурия ҳокимлари ўртасида ихтилоф пайдо бўлгач, халқ яна Б. дан тахтга ўтиришни сўраган. Мана шу пайтда соҳибқирон Амир Темур Б. ҳузурига элчиларини юбориб ундан тобе бўлишни талаб қилган, бирок Барқуқ элчиларни қатл этиб, Боязид I б-н иттифоқчилик шартномаси тузган ва урушга тайёргарлик кўра бошлаган. Бироқ, Амир Темурнинг Ҳиндистонга сафари туфайли Барқуқ билан урушишга тўғри келмади. Барқуқ ўз ҳукмдорлигининг иккинчи ярмида Мисрда тинчлик, осойишталик ўрнатган, молия ишини яхшилаган, деҳқончилик ривожланган, илм-фан тараққий қилган.