БАРТАНГ — Помирдаги дарё, Тоғли Бадахшон мухтор вилоятида (бош қисми Афғонистонда), Панж дарёсининг ўнг ирмоғи (Амударёнинг юқори қисми). Бартангнинг юқори оқими — Оқсув, ўрта қисми — Мурғоб, Сарез кўлидан сал қуйироқда Бартанг деб аталади. Бартанг — Мурғоб — Оқсувнинг уз. 528 км (Б. нинг уз. 133 км), ҳавзасининг майд. 24,7 минг км2. Б. Помир тоғларини шарқдан ғарбга чуқур водийдан кесиб ўтади. Асосан қор ва муздан сув олади. Ўртача сув сарфи (қуйилиш жойида) 128 м3/сек. Дарёда Шужон ГЭС қурилган.