БАРРЕТЕР (инг. barretter — ўзгартирмоқ) — электрон ва ион асбобларида токни барқарорлаштирадиган мослама. Темир симдан тайёрланади ва водород б-н тўлдирилган берк шиша баллонга жойлаштирилади. Барретер ишлаганда сими 200 — 600° гача қизийди. Занжирдаги кучланиш ортса, унга мутаносиб ҳолда симнинг қаршилиги ҳам ортади, натижада ток кучи ўзгармайди. Барретер ўзгарувчан ва ўзгармас ток занжирларида ишлатилади.