БАРИОНЛАР

БАРИОНЛАР (юн. barus — оғир) — массаси протон массасидан кичик бўлмаган, барион заряди бирга тенг бўлган, ярим бутун спинли «оғир» элементар зарралар. Б. Ферми — Дирак статистикасига бўйсунади. Бу гуруҳга нуклонлар (нейтрон ва протон) ва гиперонлар киради. Фақат протон эркин ҳолда турғун бўлади. Бошқа барча Барионлар барқарор эмас, улар кетма-кет парчаланиш йўли билан протон ва енгил зарраларга айланади. Барионлар маълум бўлган барча (кучли, электромагнит, кучсиз ва гравитацион) ўзаро таъсирларда иштирок этади. Барионлар б-н бўладиган ҳар қандай жараёнларда барион зарядининг сақланиш қонунлари, яъни барионлар ва антибарионлар сонлари фарқи ўзгаришсиз қолади. Барча барионлар учун барион заряди (сони) 1 га, антибарионлар учун — 1 га тенг. Барионлар мафтунлик, ғалатилик, гўзаллик ва б. квант сонлар билан тавсифланади.