БАРГ ДОҒЛАНИШИ

БАРГ ДОҒЛАНИШИ — ўсимликларда замбуруғ, вирус, бактериялар таъсирида пайдо бўладиган касаллик. Асосан, ғўзада, шунингдек карам, шолгом, редиска, каноп, тамаки ва б. экинларда ҳамда мевали дарахтларда учрайди. Бу касаллик билан ўсимлик барги, танаси, ҳосили зарарланади. Зарарланган ўсимлик баргига сариқ, қизил, қора, қўнғир доғ тушади ва ўша жойдаги тўқималар қуриб қолади. Ғўзада учрайдиган Барг доғланишига Macrosporium gossypii Locz. замбуруғи сабаб бўлади, бунда дастлаб майда қизғиш тўгарак доғ пайдо бўлиб, кейинчалик оқиш ҳошия билан ўралади. Беда баргида пайдо бўладиган қорамтир доғни аскоспора замбуруғи келтириб чиқаради. Қуёш нурининг таъсири ва турли дориларнинг нормадан ортиқ сепилиши натижасида ҳам Барг доғланиши мумкин. Ўсимликларнинг чидамли навларини экиш, агротехника қоидаларига қаттиқ риоя қилиш, доғланишнинг бошланиши даврида экинга 1% ли бордо суюқлиги пуркаш йўли билан Барг доғланишига қарши кураш олиб борилади.