БАРГ БУЖМАЙИШИ

БАРГ БУЖМАЙИШИ — ўсимликларда вирус, замбуруғ, бактериялар таъсирида пайдо бўладиган касаллик. Зарарланган ўсимлик яхши ривожланмайди, барг шапалоғи оч яшил тусга кириб, бужмалоқлашади, сатҳи майда доғлар билан қопланади, мўрт бўлиб қолади. Барг бужмайиши ғўза, картошка, беда, мевали дарахтлар, пиёз ва б. ўсимликларда учрайди. Ингичка толали ғўза навлари ҳам бу касалликка йўлиқади, поясининг юқори қисмидаги бўғим оралиғи қисқариб, ҳосили 50% гача камаяди. Касаллик, асосан, ҳашаротлар орқали тарқалади. Барг бужмайишига қарши экинзорга фунгицидлар, 1% ли бордо суюклиги эритмаси пуркалади.