БАРГ

БАРГ (лот. folium, юн. phyllon) — юксак ўсимликларнинг асосий вегетатив органларидан бири, фотосинтез, транспирация ва газ алмашинуви вазифасини бажаради. Баъзи ўсимликлар барглари эволюция давомида яшаш шароити таъсирида шакли ўзгариб, озиқ ёки сув ғамлаш, ҳимоя қилиш, илашиш каби қўшимча функцияларни бажаришга мослашган. Баргнинг катталиги турлича, одатда 3—10 см, айрим ўсимликлар (мас, пальма, банан) Б. 20 м га етади. Баргнинг пластинкасимон кенгайган қисми япроқ, новдага ёпишиш учун хизмат қиладиган ингичка қисми Барг банди дейилади. Бир қанча ўсимликлар (буғдойдошлар, зирадошлар) Б. банди кенгайиб, новдани ўраб турадиган қинни ҳосил қилади. Баъзи ўсимликлар (ялпиздошлар)да Барг банди бўлмайди, япроғи тўғридан-тўғри новдага бирлашади. Бундай Барг ўтроқ дейилади. Баргнинг фотосинтез қиладиган сатҳи япроқнинг шакли ва катталигига боғлиқ. Япроқнинг ясси бўлиши Баргнинг фотосинтез қиладиган юзаси сатҳини оширади.

Барг оддий ва мураккаб бўлади. Оддий Барг бандида битта, мураккаб Барг бандида бир неча япроқ бор. Оддий Барг япроғининг шаклига кўра юмалоқ, тухумсимон, наштарсимон, тўғри чизиқпи, нинасимон, юраксимон, доирасимон ва б. ; қиррасининг тузилишига кўра текис қиррали, тишли, кунгурали; япроғининг бўлакланишига биноан патсимон қирқма, патсимон ўйма, панжасимон кирқма, панжасимон ўйма ёки бўлакли бўлиши мумкин. Мураккаб Барг уч япроқли, панжасимон, тоқ патсимон, жуфт патсимон, лирасимон ва б. шаклларда бўлади. Барг пояда муайян тартибда биттадан (кетма-кет), иккитадан (қарамақарши), уч, тўрт ёки ундан кўпроқ (ҳалқасимон) бўлиб жойлашади. Барг яшаш шароитига мослашиш туфайли қобиқ (шумғия), тикан (кактус, зирк), жингалак (нўхат, қовун) шаклга кирган ёки шакли бутунлай йўқолиб кетган (зарпечак). Пиёз ва карам ҳам озиқ моддалар тўпланиши туфайли шакли ўзгарган барглардан иборат.

Барг остки ва устки томонидан бир қават тиниқ ҳужайралардан иборат юпқа эпидермис билан қопланган. Барг ости эпидермиси ҳужайралари орасида махсус тирқишсимон тешикчалар — Б. оғизчалари бўлади. Ҳар бир оғизчани иккита лабҳужайралар (туташ ҳужайралар) ўраб туради. Лабҳужайралар Барг оғизчаларининг очилиб ва ёпилиши, яъни Баргда газ алмашинишини бошқариб туради. Барг сувга тўйинганида ҳужайралар тургор ҳолатига ўтиб, лабҳужайралар девори очилади. Барг ҳужайраларида сув камайганда ҳужайраларнинг тургорлик хусусияти аксинча камаяди, лабҳужайралар оралиғида тирқиш ёпилиб, оғизчалар орқали сув буғланиши ва газ алмашиниши камаяди. 1 мм2 барг юзасида оғизчалар сони 40 дан 500 гача, баъзан ундан ҳам кўпроқ бўлади. Оғизчалар айниқса сернам жойларда ўсадиган ўсимликлар барги кутикула, ёғсимон моддалар ёки туклар б-н қопланган, барг пластинкаси кичик, кўпинча этли; барг орқали сувнинг кўп буғланишига имкон бермайди. Эпидермис остида Барг эти (мезофилл) жойлашган. Барг эти кўпчилик ўсимликларда устки эпидермис остида жойлашган 1 — 2 қатор ҳужайралардан иборат устунсимон тўқима ва унинг остидаги ғовак тўқимадан ташкил топган. Барг эти ҳужайралари (айниқса устунсимон тўқима) Баргга яшил ранг берувчи хлоропластларга бой. Хлоропластлар иштирокида ҳужайраларда фотосинтез содир бўлади. Барг этидан томирлар ўтади. Улар ҳар хил шаклда бўлиб, систематик аҳамиятга эга. Икки паллали ўсимликлар Б. тўрсимон ёки патсимон, бир паллалилар эса параллел ёки ёйсимон томирланган. Томирлар луб ва ёғочлик толаларидан ҳамда ўтказувчи ва тўрсимон найлардан иборат. Томирлар япроқучун таянч синч вазифасини ўтайди. Ўтказувчи найлар орқали сув ва минерал озиқ моддалар иддиздан барг мезофили ҳужайраларига тўхтовсиз келиб туради. Барг ҳужайраларида синтезланган маҳсулотлар томирлардаги тўрсимон найчалар орқали ўсимликнинг бошқа қисмлари, яъни поя, илдиз, гул, меваларга етказиб берилади. Барг юзасининг кенг бўлиши унинг карбонат ангидридни фаол қабул қилиши, кўп миқдорда сув буғлатиши ва кислород ишлаб чиқаришига сабаб бўлади. I га майдондаги яшил ўсимликлар бир кеча-кундузда 150 — 500 кг карбонат ангидридни ўзлаштириб, 60 — 400 кг кислород ажратади ва 100 т гача сув буғлатади. Бу жараёнда Барг 75 — 250 кг гача органик модда ҳосил қилади. Баргнинг яшаш муддати ҳам турлича бўлиб, айрим ўсимликлар Б. Бир неча ҳафта, бошқалари бир неча йилгача (мас, лавр барги 3 —4 йил, Европа арчаси барги 8—10 йил, Шренка арчаси барги 30 йил) яшайди. Барг ҳаёти фотосинтез ва метаболитик жараёнларнинг изчиллиги б-н боғлиқ. Бу жараёнлар секин кечадиган нинабарглиларнинг барги нисбатан узоқ яшайди. Барг чекланган ўсиш хусусиятига эга бўлиши билан бошқа ўсимлик органларидан фарқ қилади. Япроқнинг ўсиши чекланганлиги, бироқ Барг банднинг ўсиши тўхтовсиз давом этавериши туфайли Барг япроғи ёруғликка ўгирилиш хусусиятига эга бўлади.

Ўктам Пратов.