БАРБАРОССА, Борборус — Усмонли турк империяси ҳарбийденгиз флоти арбоблари — ака-ука Бобо Уруж (1473 – 1518) ва Хайруддин (1483 – 1546)га европаликлар томонидан берилган ном. Б. сўзи немисча бўлиб, «қизилсоқол» деган маънони англатади. Германия қироли Фридрих I қизғиш соқолли бўлганидан шундай деб аталган эди. Шунга кўра, европаликлар қизғиш соқолли Бобо Уруж ва Хайруддинни ҳам Барбаросса деб атаганлар (айрим тилшунослар Барбаросса сўзи Бобо Уруж исмининг нотўғри талаффузи деб тахмин қилишади). Бобо Уруж ва Хайруддин Эгей денгизидаги Митилена о. да исломга кирган камбағал грек-кулол оиласида дунёга келган. Бобо Уруж тахм. 20 ёшларида укаси Хайруддин билан биргаликда турк ҳарбий кемаларидан бирига хизматга киради. Тез орада иккаласи ўта жасур ва истеъдодли эканликларини намоён қилиб, катта шуҳрат қозонадилар ва Жазоир ҳамда Тунис қироллари томонидан Шим. Африка мамлакатларини испанлар асоратидан халос этиш учун ёрдамга чақириладилар. Бобо Уруж ва Хайруддин қуруқлик ва денгизда испанлар устидан кетма-кет ғалаба қозониб, Шим. Африкада исломий подшохлар ҳукмронлигини тиклашга муваффақ бўладилар. Бобо Уруж жанглардан бирида ҳалок бўлгач, Туркия султони унинг укаси Хайруддинни Жазоирга волий этиб тайинлайди. Хайруддин 19 йил давомида Жазоирда волийлик қилиб, Ўрта денгизда Европа давлатлари ҳарбий-денгиз флоти ҳукмронлигига қарши муваффақиятли урушлар олиб боради. 1525 й. «Муқаддас Рим империяси» императори Карл V (1500 — 58)дан мағлуб бўлиб, асир олинган Франция қироли Франциск I (1494 — 1547)нинг султон Сулаймон I Қонунийга қилган мурожаатига кўра, Хайруддин ўз флоти билан Ницца (Францияда) ш. га бориб, уни забт этади. Сўнг, Карл V флотини бутунлай тормор қилиб, Франциск I ни асирликдан қутқарадида, Франция тахтига қайта ўтқазади. 1534 й. султон Сулаймон I Қонуний Хайруддинни Истанбулга чорлаб, Усмонли турк империяси ҳарбий-денгиз флоти адмирали (қўмондони) этиб тайинлайди. У 10 йил шу лавозимда қолиб, Ўрта денгизда Европа давлатлари флоти устидан кетмакет зафар қозонади, Грек архипелагидаги оролларнинг аксариятини, Италиянинг айрим соҳилбўйи ерларини забт этади, Усмонли турк империяси ҳарбий-денгиз флотининг Ўрта денгиздаги устунлигини қайта тиклайди. Хайруддин умрининг охирига қадар ана шундай шонли ва зафарли ҳаёт кечириб, 1546 й. вафот этади. У Туркиядаги Бешиктош ш. да махсус мақбарага дафн этилган.