БАРБАР ТИЛИ

БАРБАР ТИЛИ — барбарлар тили. Хом-сом тиллари оиласига мансуб. Ливия, Тунис, Жазоир, Марокаш, Мавритания, Мали, Юқори Вольта, Нигер, Нигерия, Чад ва б. мамлакатларда тарқалган. 300 га яқин шевадан таркиб топган. Буларни бешта асосий лаҳжа гуруҳларига бирлаштириш мумкин: туарег лаҳжаси (Ливия, Жазоир, Мали, Нигер, Нигерия, Чад), зенет лаҳжаси (Жазоир, Шим. Марокаш), тамазий лаҳжаси (Марокаш), ташелҳайт лаҳжаси (Марокаш), зенага лаҳжаси (Мавритания). Миср, Сурия, Ливия, Тунис ва Мавританияда араб тили Б. т. ни сиқиб чиқараётган бўлса, Жазоир ва Марокашда Барбар тилида сўзлашувчилар йил сайин кўпаймоқда. Барбар тилида урғу жуда кучсиз. Ўзак бир, икки, уч, ҳатто турт ундошдан тузилади. Барбар лахжаларининг фонетик, морфологик, синтактик ва лексик бирлиги ягона Барбар тили мавжудлигига асос бўлади. Барбар, араб ва лотин алифболари ёрдамида барбар тили ва унинг лаҳжаларини ёзиб олишга ҳаракат қилинган.