БАНЬЯН

БАНЬЯН, баниан — фикуслар туркумига кирадиган икки тур дарахтнинг номи; 1) бенгал фикуси (Ficus bengaiensis) — ер бағирлаб ўсадиган баҳайбат дарахт. Уруғини, одатда, қушлар тарқатади. Бунда бирор бошқа дарахтга тушиб қолган уруғдан эпифит ҳолда ривожланадиган ўсимлик пайдо бўлади. Баньяннинг ингичка танаси кўпдан-кўп ҳаво илдизлари ҳосил қилади. Улар пастга қараб тез ўсади ва тупроққа ўрнашган қисми шохланиб кетади. Бундай илдизлар йўғон устунларга айланади. Дарахтнинг шох-шаббаси ҳам жуда ўсиб кетади. Шундай қилиб, бир дона уруғдан катта чакалакзор пайдо бўлади. Калькутта ботаника боғида ўсаётган 150 ёшдаги Баньян шох-шаббасининг айланаси 300 м, устунсимон илдизларининг сони 300 дан ортиқ келарди; 2) авлиё фикус (F. religiosa), бу ҳам баҳайбат дарахт бўлиб, шохларидан чиқадиган ҳаво илдизларидан ривожланади. Илдизлари ғоят катта шохшабба учун таянч бўлиб хизмат қилади. Аксари эпифит эмас. Б. Ҳиндистонда ўсади. Меваси ейилади. Баньяннинг ёш новдаларида қимматбаҳо смола — шеллак ҳосил бўлади.