БАНТЕНГ (Bibos javanicus) , зонд ҳўкизи — ёввойи қорамол. Жуфт туёқлилар туркумининг қувушшохлилар оиласига мансуб. Ғарбий Ҳиндистон, Ҳиндихитой, Ява, Бали, Суматра о. ларида, Малакка я. о. ида тарқалган. Зебу ҳамда Осиё қорамолининг аждоди ҳисобланади. Тоғ ва текисликлардаги ўрмонларда кичикроқ пода бўлиб яшайди, лекин қариси якка яшайди. Танасининг уз. 2 м гача, бал. 1,5 м ча. Буқаси малла, сигири тўқ қўнғир тусда. Буқасининг оғирлиги 300 — 350 кг келади. Ойсимон қайрилган шохининг уз. 40 —50 см га етади. Сони камайиб кетган. Қўлга ўргатилган (бали қорамоли), асосан гўшти учун боқилади. Халқаро табиатни муҳофаза қилиш Кенгаши Қизил китобига киритилган.