БАНЖО (banjo) — торли чертма мусиқа чолғуси. Американинг қатор оммабоп мусиқа услублари (минстрелшоу, жаз, кантри-мьюзик, вестерн) да асосий ўринни эгаллайди. 17 – а. да Ғарбий Африкадан АҚШ нинг жан. штатларига келтирилган. 19 – а. нинг 30-й. ларида такомиллаштирилган шакли юзага келган. Унда металл пардали узун дастасига 5 та пўлат сим тортилади. Якка тарзда ҳамда жўрнавоз соз сифатида ишлатилади. Товуши ўткир, жарангдор. Банжода бир овозлик куйлар ҳамда аккордларни чалиш мумкин. 20 – а. да Банжонинг янги турлари (Б.-укулеле, Б.-мандолина, Б.-тенор, Банжо гитара) юзага келган.