БАНДЛИК ХИЗМАТИ, аҳолини иш билан таъминлаш давлат хизмати — мамлакат миқёсида аҳолини иш билан таъминлаш сиёсатини амалга ошириш ва фуқароларга тегишли кафолатларни таъминлаб бериш учун ташкил этилган давлат хизмати. Ўзбекистонда 1992 й. дан ЎзРнинг «Аҳолини иш билан таъминлаш тўғрисида»ги қонуни (13.1.1992) асосида ташкил этилган. Бандлик хизмати ишсизликнинг олдини олиш ва ишсизлик оқибатларидан ижтимоий муҳофаза қилиш мақсадларида республика миқёсида ва маҳаллий даражада иш б-н таъминлаш дастурларини амалга оширади, жумладан, меҳнат бозоридаги ҳолатни таҳлил ҳамда тахмин қилади, тегишли ахборот тарқатилишини таъминлайди; бўш иш жойларини ва ишга жойлаштириш масаласида мурожаат қилган фуқароларнинг ҳисобини юритади, уларни ишга жойлаштиради, ишламаётган фуқароларни касбга ўргатиш, қайта ўқитиш ва малакасини оширишни ташкил этади, ишсизларни рўйхатга олишни таъминлайди, уларга ёрдам кўрсатади ва б. Б. х. фаолиятини пул б-н таъминлаш учун иш билан таъминлашга кўмаклашиш Давлат фонди ташкил этилган. Бу фонд мулкчилик ва хўжалик юритиш шаклларидан қатъи назар корхоналар, муассасалар, ташкилотлар, кооперативлар ва б. иш берувчилар меҳнатга ҳақ тўлаш фондининг 3%дан кам бўлмаган миқдорда мажбурий ажратмалари, ҳукумат ва маҳаллий бошқарув органлари дотациялари, ихтиёрий хайриялар ва б. дан ташкил топали.
Мамлакат миқёсида Бандлик хизмати тизими ЎзР Меҳнат вазирлиги ва унинг ҳудудий органларини ҳамда маҳаллий бандлик марказлари — меҳнат биржаларини қамрайди (қ. Меҳнат биржаси).
Дилфуза Раҳимова.