БАЛЬЗАМ

БАЛЬЗАМ, бальзамлар (юн. balsamon — хушбўй смола) — эфир мойлари ва уларда эриган смолалар, хушбўй бирикмалар, альдегидлар, кетонлар, мураккаб эфирлар ва б. моддалардан таркиб топган табиий моддалар. Одатда Бальзам хушбўй ширага ухшаш, таъми ўткир, қуюқ суюқликлардан иборат бўлиб, сувда деярли эримайди, аммо спирт, эфир, хлороформ, бензин ва б. органик эритувчиларда эрийди. Аксариси ўсимликларда нормал моддалар алмашинуви маҳсулоти сифатида ҳосил бўлиб, пўстлоқ йўлларида ёки ҳужайралараро камтакларда йиғилади; бошқалари ўсимликларда бўлмай, пўстлоғи шикастланганда вужудга келади. Игна баргли дарахтлар (Мас. қарағай, оққарағай) танаси шикастланганда чиқадиган ширани ҳам Бальзам деб аташади. Булардан Канада бальзами оптикада ва микроскопик препаратларни монтаж қилишда, оқ қарағай бальзами оптикада ишлатилади. Бальзам таркибига қараб антисептик, балғам кўчирувчи, сийдик ҳайдовчи ва маҳаллий таъсир кўрсатувчи хусусиятларга эга. Бальзамдан тиббиётда дори воситаси сифатида фойдаланилади. Терпентин мойи, скипидар мазлари ва линиментлари маҳаллий таъсир кўрсатувчи дори; скипидар буғлари ҳавони озон билан бойитиб, ўпка касалликларига даво бўлади; Копай бальзами дезинфекцияловчи дори бўлиб, қовуқ яллиғланиши, экзема, сўзакни даволашда қўлланилади. Винилин жароҳатга ва яллиғланган терига қўйилади, меъда ва ўн икки бармоқ ичак яраси бўлган беморларга ичирилади.