БАЛЧИҚ БИЛАН ДАВОЛАШ, пелотерапия — торфли, сульфидли, сапропел ва б. турдаги балчиқлар (пелоидлар)ни даво мақсадида ишлатиш. Торфли балчиқ асосан чириган органик моддалар ва ўсимлик қолдиқларидан иборат. Сульфидли балчиқ — анчагина миқдорда сульфидлар, хусусан темир сульфид сақлаган шўр сув ҳавзаларининг органик минерал балчиқ қатламларидир. Сапропеллар эса чучук сувли ҳавзаларда ҳосил бўладиган оз-моз минерал моддалар аралашган органик таркибли балчиқ қатламидан иборат бўлади.
Исталган шифобахш балчиқ иссиқни узоқ вақт сақлаб туради ва аста-секин уни баданга беради. Бунда иссиқлик олишдан ташқари, терининг кимёвий таъсирланиши ва тери орқали организмга бевосита кирадиган балчикдаги водород сульфид, аммиак ва газсимон моддалар таъсири ҳам муҳим аҳамиятга эга. Шифобахш балчиқ терининг нерв охирларига, олий нерв марказлари орқали нерв системаси фаолиятига, қон айланишига, ички секреция безларига, моддалар алмашинувига рефлектор таъсир кўрсатади. Балчиқ билан даволаш билан д. тананинг зарарланган соҳасида ёки аъзода қон айланишининг кучайишига, яллиғланиш ўчоқларининг сўрилиб кетишига, моддалар алмашинувининг яхшиланишига, тикланиш жараёнларининг тезлашувига, ички секрекция безлари фаолиятининг барқарорлашувига имкон беради. Балчиқ билан даволаш билан д. да асосан аппликация усули — бемор баданига (умумий аппликация), боши ва юрак соҳасидан ташқари, танасининг айрим қисми ёки соҳасига (маҳаллий аппликация) шифобахш балчиқ қўйилади, орадан маълум вақт (10—15 мин.) ўтгач, илиқ сувда ювиниб, бир оз дам олинади. Айрим касалликларда, мас, гинекологик касалликларда балчиқли тампонлар қинга, эркакларда урологик касалликларда тўғри ичакка киритилади.
Балчиқ билан даволаш билан д. сурункали касалликларда, суяк, мускул ва бўғим шикастларида, периферик нерв системаси касалликларида, аёл ва эркаклар жинсий аъзолари яллиғланганда, қорин бўшлиғидаги айрим касалликлар ва яллиғланиш асоратларини тугатишда қўлланилади.
Балчиқ билан даволаш билан д. бутун организмга таъсир қиладиган кучли восита бўлиб, ундан шифокор кўрсатмаси ва назорати остида фойдаланиш лозим. Балчиқ муолажалари қабул қилишда белгиланган қоидаларга қатъий риоя қилиш зарур.
Карим Йўлдошев