БАЛХАШ — Қозоғистон Республикаси шарқидаги кўл. БалхашОлакўл сойлигида, денгиз сатҳидан 340 м баландда. Майдони суви кўпайганда 22 минг км2, озайганда 17 минг км2 бўлади. Уз. 605 км, ўртача эни 41 км, энг кенг жойи 74 км, энг тор жойи 8,5 км. Балхаш шим.шарқдан жан.-ғарбга қараб ярим ой шаклида чўзилган. Сув ҳажми 112 км3. Ҳавзасининг майд. 501 минг км2. Ўртача чуқ. 6 м, энг чуқур жойи 26,3 м, энг саёз жойи 2 м. Суви деярли чучук, шарқий қисмида шўрроқ (5,21 г/л). Балхашда орол кам, улардан энг йириклари: Босорол ва Тосорол. Балхаш сувни асосан дарёлардан олади: жан. дан Или, Қоратол, Оқсув, Лепса, шим. дан Аяғуз дарёлари қуйилади. Или дарёси суви кўлга қуйиладиган умумий сув ҳажмининг 75 — 80%ини ташкил қилади. Балхашнинг ғарбий ва шим. қирғоқлари палеозой жинсларидан тузилган, шарқий ва жан. қирғоқлари қумли пасттекисликдан иборат. Қирғоқ чизиғи анча нотекис. Кўл сатҳига йилига 120 мм ёғин тушиб, 950 — 1200 мм буғланади. Сувнинг т-раси дек. да 0°, июлда 28’. Шамоллар кўл сувини кучли тўлқинлантириб туради. Кўл ноябрдан апр. нинг ярмигача музлайди. Сув сатҳининг ўзгариш йиллик амплитудаси қарийб 3 м. Сариэсик я. о. кулни гидрологик жиҳатдан кескин фарқ қилувчи икки қисм — ғарбий ва шарқий қисмларга бўлиб туради. Суви лойқа. Судак, сазан, қорабалиқ, олабуға балиқлари овланади. Сув паррандаси кўп. Балхашда кема қатнайди. Асосий пристанлари: Бурил-бойтол, Бўрлитуба. Шим. соҳилидаги Балхаш ш. да кон металлургия кти бор.