БАЛУЖИСТОН

БАЛУЖИСТОН — Покистоннинг жан.-ғарбидаги вилоят. Балужистон тарихий вилоятнинг 1947 й. да Покистон таркибига кирган шарқий қисми. Майд. 347 минг км2. Аҳолиси 4,6 млн. киши (1983). Маъмурий маркази — Кветта ш. Шим. да Афғонистон, ғарбда Эрон, шарқда Покистоннинг Синд ва Панжоб, шим.-шарқда Шим.-ғарбий вилоят билан чегарадош, жан. да Арабистон денгизига туташ. Ер юзасининг катта қисмини ўртача баландликдаги (2000 м гача) ва баланд тоғлар эгаллаган. Энг шим. да Тобакакор (3096 м) тоғ тизмаси жойлашган. Бу тоғлардан жанубга Макрон тоғлари чўзилган. Энг баланд жойи 3593 м. Денгиз бўйи камбар пасттекислик. Вилоятнинг ғарбий қисмидаги ботиқларда шўрхоклар, шўр кўллар бор. Дарёлари майда, мавсумий. Б. Альп-Ҳимолай фаол сейсмик минтақасида жойлашган. Т-ра янв. да текисликларда 8—16°, июлда 24 — 32°. Тоғларда қиш совуқ, сершамол. Йиллик ёғин 100 — 200 мм, кўп қисми дек. ва фев. ойларида ёғади. Тупроқлари субтропик минтақага хос бўз тупроқ, шим.-ғарбида чўл қўнғир, шўр, қум тупроқлар. Чўл қисмида саксовулзор ва бутазорлар бор. Тоғ ён бағирлари сийрак ўрмон, бутазор. Аҳолиси балужлар билан пуштулар. Қ. хда яйлов чорвачилиги етачи ўринда (қўй, эчки, туя боқилади). Тоғ оралиғидаги водийларда воҳа деҳқончилиги билан шуғулланилади, текислик ерларда дон етиштирилади. Олтингугурт, ош тузи, қунғир кўмир, табиий газ қазиб олинади. Машинасозлик ва металлсозлик, цемент, ёғочсозлик, озиқ-овқат, кимё саноати корхоналари бор. Денгиз бўйида балиқ овланади. Ҳунармандчилик ривожланган: қўлда гилам тўқиш, ёғоч буюмлар ясаш, кашта тикиш ва б. Кветта ш. да меъморий ёдгорликлар сақланган.