БАЛЛИСТОКАРДИОГРАФИЯ

БАЛЛИСТОКАРДИОГРАФИЯ (юн. ballo — отаман, kardia — юрак ва grapho — ёзаман) — юракнинг гемодинамик фаолиятини текшириш усули. Бунда юрак қисқариши ва қоннинг йирик томирлар бўйлаб ҳаракати билан боғлиқ ҳолда одам танасида содир бўладиган механик ҳаракатлар қайд қилинади. Бунинг учун махсус асбоб — баллистокардиограф ишлатилади. Баллистокардиографиянинг умумий, бевосита, билвосита ва б. хиллари бор.

Баллистокардиограф ва ҳаракатларни ёзиб олиш чоғида ҳосил бўлган эгри чизиқ — баллистокардиограмма (БКГ)га қараб юрак мускулининг қай даражада қисқараётганлиги ҳақида бир фикрга келинади. Баллистокардиограмманинг ўзгариши юрак фаолиятида бирор иллат борлигини кўрсатади, аммо аниқ ташҳис қўйишга имкон бермайди.