БАЛИҚ ЎСТИРИШ

БАЛИҚ ЎСТИРИШ — ҳовуз ва б. сув ҳавзаларида балиқларга озуқа бериб боқиш. Зоғора балиқ, хонбалиқ, ўтхўр балиқ, судак, илонбалиқ ва б. балиқларни боқиш тартиби ишлаб чиқилган. Иссиқсевар балиқлар (зоғора балиқ, товонбалиқ, лешч, амур ва б.) боқиладиган ҳовузлар ўтлоқи ва ботқоқли ҳудудларда барпо этилиб, уларга дарё, канал, коллекторлардан ҳамда кўллардан сув олинади. Салқинсевар балиқлар (хонбалиқ, сулаймонбалиқ ва оқбалиқ) боқиладиган ҳовузлар органик моддалар кам бўлган ҳудудларда қурилиб, уларга булоқ ва ариқдан сув олинади. Балиқ ўстириш ҳовузига бегона балиқлар кирмаслиги ва ҳовуз ичидаги балиқлар чиқмаслиги учун сув кирадиган ва чиқадиган жойига махсус панжара қўйилади. Балиқ ўстириш ҳовузи келажакда ундан бошқа мақсадда фойдаланишни ҳисобга олиб, кичик дарё қирғоқларига қурилади. Балиқ ўстириш ҳовузини узоқ муддат яхши сақлаш мақсадида, унинг мелиоратив ҳолатини яхшиловчи тадбирлар амалга оширилади. Бу тадбирлар ҳовуздан ташқарида ва ҳовузда ўтказилади. Биринчисига сув йиғиладиган майдонча қиялигини зинапояларга бўлиш, ҳовузга тушадиган сувни тозалаш ва уни кислород билан бойитиш, тошқин сувларни ғамлаш, ҳовуз ичини лойқа босишдан сақлаш ишлари киради. Ҳовузни вақт-вақти б-н қуритиб, зарур сув-ҳаво тартиботи яратиш, қамиш, қўға, лух каби ўтлар босишининг олдини олиш, ҳовузда торф қатламлари ҳосил бўлишига йўл қўймаслик, ҳовуз тубини лойқа ва б. чўкиндилардан тозалаш ишлари иккинчи гуруҳдаги тадбирлардир. Балиқ ўстиришда кунжара, арпа, буғдой ва жавдар кепаги, балиқ уни, гўшт уни ва ҳ. к. ишлатилади. Балиқ овқати махсус столчада берилади (столча сувга 0,5 — 0,75 м ботириб қўйилади) ёки ҳовуз тубига қурилган махсус овқат майдончасига солинади. Балиқ ўстиришда сувнинг ҳарорати ҳам ҳисобга олинади. Mac, зоғора балиқ сувнинг ҳарорати 20 — 26, хонбалиқ 15 — 18 бўлганда яхши овқатланади. Балиқ ўстиришда ҳовузнинг мелиоратив ҳолати яхшиланади.