БАЛИМАНОВ

БАЛИМАНОВ Жабай (1893, ҳоз. Қозоғистон Республикаси Оқтўба (Актюбинск) вилояти Қорақамиш қишлоғи — 1966.6.8) — машҳур чорвадор, Ўзбекистон қоракўлчилиги новаторларидан бири. 1920 й. дан Қорақалпоғистондаги Тўрткўл ўрмон хўжалигида, 1928 й. дан Томди ўрмон хўжалигида ишчи. 1933 й. дан то пенсияга чиқишига қадар (1963) ҳоз. Навоий вилояти Томди туманидаги «Оқтов» (ҳоз. Ж. Балиманов номидаги хўжалик) жамоа хўжалигида бош чўпон. Кўп йиллар давомида қўзи етиштириш ва қоракўл тери топширишда юқори кўрсаткичларга эришган (1963 й. ҳар 100 бош совлиқдан 170 қўзи олган). Қоракўл қўйларни боқиш, асраш ва парвариш қилиш технологиясини зоотехника илми ютуқлари ва тўпланган тажрибалар асосида жорий этган. Томди туманидаги Оқтов посёлкасида бюсти ўрнатилган.