БАЛАНУС, денгиз ёнғоқлари (Balanamorpha) — ўтроқ яшовчи мўйловоёқли қисқичбақасимонлар уруғи. Танаси кесилган конусга ўхшайди, бир неча бўлак пластинкасимон оҳакли чиғаноқ ичига жойлашган. Чиғаноғининг уз. 20 см гача. Унинг остки қисми денгиз тубидаги тошлар, моллюскалар чиғаноғи ва ҳар хил ҳайвонлар танасига, жумладан китлар терисига ёпишиб, кўпинча кемаларнинг корпусига кўплаб ёпишиб олиб, ҳаракатини секинлаштиради. Чиғаноқнинг ҳаракатчан устки қопқоғи бош томонидаги махсус мускуллар воситасида очилиб-ёпилиб туради. Чиғаноқнинг мантия бўшлиғи деб аталадиган ички бўшлиғида оғиз ўсимтаси ва беш жуфт икки айрили ипсимон оёқлари жойлашган. Чиғаноқ очиқ бўлганида бу оёқлар доим бир маромда ҳаракат қилиб мантия бўшлиғига озиқ зарралари (микроблар, майда ҳайвонлар ва чириндилар)ни ҳайдаб туради. Бирор хавф пайдо бўлганида чиғаноқ дарҳол бекилади. Балануснинг 400 га яқин тури бор. Кўпчилик турлари гермафродит. Каспий ва Орол денгизларидан ташқари ҳамма денгизларда учрайди. Баланус личинкаси денгиз қирғоғи планктони ҳисобланади, улар балиқларга озиқ бўлади. Бир неча тури (Balanus psittacus, B. nubilis) озиқовқат сифатида истеъмол қилинади.