БАЛАНД (БУЛАНД) ДАРВОЗА

БАЛАНД (БУЛАНД) ДАРВОЗА — Агра яқинидаги Фотиҳпурсикри шаҳарчасидаги сарой масжидининг дарвозаси. Акбаршоҳ даври (1556 — 1605) меъморлигининг маҳобатли ёдгорликларидан бири. Баланд (буланд) дарвоза Гужарот вилоятининг олиниши шарафига, эски дарвоза ўрнига қизил тошдан қурилган (1602), зиналари оқ мармардан. Дарвозахонанинг кенглиги 43 м, бал. 46 м, гумбазли йўлак бал. 41 м. Арабий хатлар билан безатилган баланд пештоқнинг ён деворлари қиррали. Пештоқ устидаги нафис гумбазчалар тизмаси Баланд (буланд) дарвозани дабдабали ва улуғвор қилиб кўрсатади. Деворлардаги араб ёзувлари, ўйма нақшлар, равоқ ва равоқчалар, нозик гулдасталар Баланд (буланд) дарвозани Шарқ меъморлигининг ажойиб ёдгорликларидан бирига айлантирган.