БАКТЕРИЦИДЛИК

БАКТЕРИЦИДЛИК (бактериялар ва лот. caedo — ўлдираман) — физик, кимёвий ва биологик омилларнинг микроорганизмлар (шу жумладан бактериялар)ни ўлдира олиш хусусияти. Мас, амёбаларни ўлдира олиши амёбацидлик, замбуруғларни ўлдира олиши фунгицидлик деб аталади ва ҳ. к., яъни таъсир кўрсатилаётган микроорганизмнинг хилига қараб номланади. Табиий омиллардан иссиқлик ва нур энергиясида Бактерицидлик кўпроқ. Қисқа тўлқинли нурлар, жумладан ультрабинафша нурлар аксари микробларни ўлдиради. Бактерицидлик хоссаси бор кимёвий моддалар бактерицид моддалар деб аталади. Одам ва ҳайвонларнинг қон зардоби (унда алексин деган модда бор), шунингдек кўз ёши, сўлак, сут (уларда лизоцим бор), меъда шираси (унда хлорид кислота бор) ва ш. к. Б. хусусиятига эга. Тери ҳам микробларни ўлдиради. Ўсимликлар чиқарадиган фитоницид деган моддалар ҳам микробларни ўлдиради ва даволаш ишида кенг қўлланилади.