БАЗДА

БАЗДА — Қашқадарё вилоятида илк ўрта асрларда мавжуд бўлган шаҳар, Насафдан сўнг иккинчи йирик шаҳар ҳисобланган. Базда ўрнида ҳозир Қамашидан 10 км жан.-ғарбда жойлашган Кўҳна шаҳар харобаси мавжуд. 9—10-а. манбаларида Насаф вилоятидаги жомеъ масжиди бўлган икки шаҳардан бири (Касба ш. билан бирга) сифатида тилга олинган. 10-а. да эса айрим манбаларга кўра, катталиги жиҳатидан пойтахт шаҳар — Насафдан ҳам йирик бўлган. Самоний (12-а.) Б. ни Насафдан Бухорога борувчи йўлдаги «мустаҳкам қалъа» деб қайд қилган, Базда йирик савдо маркази бўлган, шаҳар атрофида деҳқончилик ривожланган. Шаҳар аҳли қудуқлардан сув ичган. Базда арк (150×100 м), мудофаа девори билан ўралган шаҳристон (55 га) ва рабоддан ташкил топган. Базда аркининг энг қуйи қатламидан милоднинг бошларига оид топилмалар чиққан. Базда ва Касби ш. қалъалари ўрта асрларда Қашқадарёнинг қуйи оқими ҳавзасидаги муҳим стратегик қалъа бўлган. Ҳар икки қалъа тепаликда, 20 км оралиқдаги масофада жойлашган бўлиб, бир тепаликдан иккинчи тепалик кўриниб турган. Қадимда улар Қарши воҳасини кўчманчилар ҳужумидан мудофаа этиш мақсадида қурилган бўлса керак. Шу туфайли 6-а. да сосонийлар саркардаси Баҳром Чўбин ўз қўшини учун қароргоҳ қилиб Насафни эмас Касбини танлагани бежиз бўлмаса керак.