ҚИБРАЙ ТУМАНИ — Тошкент вилоятидаги туман. 1933 йил 1 дек. да ташкил этилган. 1962 йил 24 дек. да Калинин (ҳоз. Зангиота) тумани билан бирлаштирилди. 1964 йил 31 дек. да қайтадан тузилди. 1933 — 91 йилларда Оржоникидзе тумани. Жанубий ғарбдан Тошкент шаҳри, жан. дан Юқори Чирчиқ, шарқдан Бўстонлиқ, ғарбдан Тошкент туманлари, шим. дан Қозоғистон Республикаси билан чегарадош. Майд. 0,56 минг км2. Аҳолиси 159,6 минг киши (2004). Туманда 2 шаҳарча (Қибрай, Салор), 11 қишлоқ фуқаролари йиғини (Байтқўрғон, Ёнариқ, Май, Матқобулов, Оққовоқ, Тузел, Чинобод, Янгиобод, Ўнқўрғон, Қизилту, Қипчоқ) бор. Туман маркази — Қибрай шаҳарчаси.
Табиати. Туман вилоятнинг шим. ва шим. шарқида, Чирчиқ дарёси водийсида жойлашган. Рельефи шим. шарқий қисмида қир ва адирлардан иборат. Ер юзаси шим. шарққа томон баландлашиб боради. Ўртача бал. 300 — 400 м. Жанубий томонидан Чирчиқ дарёси, шим. дан Бўзсув, Зах ва Хоним каналлари, ўрта қисмидан Катта Қорасув канали оқиб ўтади. Чирчиқ дарёсининг ҳоз. ва қадимий ирмоқлари, Бўзсув, Захариқ каналлари жарликлар ҳосил қилган. Баъзи жарларнинг чуқурлиги (Бўзсувда) бир неча ўн метрга етади. Тупроқлари, асосан, бўз тупроқ. Иқлими континентал. Июлнинг ўртача т-раси 27 — 29°, янв. ники —2°. Ёзда энг юқори т-ра 41—42° га етади, янв. да энг паст т-ра —29°. Вегетация даври 210—220 кун. Йиллик ёғин 300—400 мм. Ёввойи ўсимликлардан туранғил, терак, жийда, дўлана, тол, юлғун, қамиш, янтоқ ва бошқалар бор. Баҳорда ранг (қорабош), шайтонкавуш, лола ва лолақизғалдоқлар ўсади. Чирчиқ дарёсининг қайирларида ёввойи ҳайвонлардан қуён, сув каламуши, сичқон, ғоз, ўрдак, қирғовул, лойхўрак, сўфитўрғай, сувилонлар, ондатра мавжуд.
Аҳолиси, асосан, ўзбеклар; шунингдек, қозоқ, рус, тожик, татар ва бошқалар ҳам яшайди. Аҳолининг ўртача зичлиги 1 км2 га 285 киши (2004). Шаҳар аҳолиси 38,7 минг киши, қишлоқ аҳолиси 120,9 минг киши.
Хўжалиги. Туманда саноат маҳсулотлари ишлаб чиқарилади, қ. х. маҳсулотлари етиштирилади. 17 саноаткорхонаси, Тошкент иссиқлик электр маркази, ГЭСлар каскади, мевасабзавот консерваси ва пивоалкоголсиз ичимликлар ктлари, ғишт з-ди, «Тошкент» паррандачилик хўжалиги, тухум етиштириш бўйича саноат ишлаб чиқариш бирлашмаси ва бошқалар; 10 ширкат, 237 фермер, шу жумладан, 64 деҳқон хўжалиги, «Лимонзор» хўжалиги ва бошқалар хўжаликлар бор. Умумий экин майдони 13,7 минг га, шу жумладан, дон 4,9 минг га, картошка ва сабзавотлар 2483 га, озуқа экинлари 5,2 минг га майдонни эгаллайди. Боғ ва токзорлар 3,8 минг га, иссиқхона хўжалиги 3 га. Туманда 24,9 мингдан зиёд қорамол (шу жумладан, 11 мингга яқин сигир), 16 мингга яқин қўй ва эчки, 1371,4 минг парранда боқилади (2004). Туман Тошкентга қ. х. ва чорвачилик маҳсулотлари етказиб беради. Туман ҳудудида 13 и. т. 48 умумий таълим мактаби (27,4 минг ўқувчи) фаолият кўрсатади. «Племэлита» илмий ишлаб чиқариш бирлашмаси, Тошкент аграр унти, 4 мусиқа мактаби, 43 кутубхона, 9 клуб муассасаси (жумладан, 4 маданият уйи, 2 маданият саройи), стадион, сузиш ҳавзаси, 5 соғлиқни сақлаш муассасаси, 2 касалхона, 13 қишлоқ врачлик пункти, 9 амбулатория, 9 қишлоқ даволаш маскани, 13 фельдшеракушерлик пункти аҳолига хизмат кўрсатади. Болалар санаторийси, «Бўстон», «Ботаника», «Умид гулшани», «8 Март», «Турон», «Навбаҳор», «Қибрай» санаторийлари, «Энергетик» мавсумий дам олиш уйи ва бошқалар бор. Туман Тошкент шаҳри билан автобус ва электрлаштирилган т. й. транспорти орқали боғланган.