ЕТТИ ИҚЛИМ

ЕТТИ ИҚЛИМ — тарихий-географик тушунча. Ерни юнон ва Ўрта аср Шарқ фанида минтақаларга бўлиш усули. Кенг маънода ернинг табиий, сиёсий ва маъмурий бўлинишлари тарихига ҳам алоқадор. Қадимда Ер шарини яхлит тасаввур этиш билан бирга, уни маълум қисмларга ажратиб ҳам ўрганганлар. Ривоятларда Нуҳ пайғамбар Ер юзини 3 қисмга ажратиб, 3 ўғлига — шим. даги ўлкаларни Ёфасга, ўртадаги мамлакатларни Сомга ва жан. даги жойларни Ҳомга берган дейилади. Қадим замоннинг афсонавий қаҳрамони Афридун эса, Ер юзини шарқ — ғарб йўналишида тақсимлаб, уни ўғилларига белгилабди: шарқий ерларни Турга, ўртадаги жойларни Эражга ва ғарбий қисмни Салимга.

Абу Райҳон Берунийнинг «Геодезия» асарида қад. эронликлар Ерни 7 қисмга бўлиб, ҳар бир қисмни «кишвар» деб атаганликлари қайд этилган. Ерни 7 кишварга бўлиш сиёсий-географик услубга асосланган эди. Уларнинг тасаввурида 7 кишвар 7 доирада: 1 доира марказда, колганлари унинг атрофида туташ жойлаштирилган. Марказий доира (тўртинчи кишвар)дан Ироқ, Форс, Жабал, Хуросон, Сижистон, Забулистон, Тохаристон ўлкалари ўрин олган.

Етти иқлим тушунчаси дастлаб юнон фанида вужудга келган, ўрта асрларда мусулмон Шарқи илм-фанида кенг тарқалган. Умуман, «иқлим» истилоҳи юнонча «клима»дан олинган ва ер юзининг қуёш нурларига нисбатан қиялиги деган маънони англатган. Беруний «Геодезия» асарида «Улар (юнонлар) одам яшайдиган ерни аниқроқ бўлган (кеча ва кундуз орасидаги) тафовутга мувофиқ бир-бирига (параллел) бўлган чизиқлар билан 7 иқлимга бўлганлар. У чизиқлар Машриқда маъмур ерларнинг энг узоғидан тортиб Мағрибнинг охирига боради. Улар биринчи иқлимнинг ўртасидан бошлаб энг узуни 13 соат бўладиган ёз куни, иккинчи иклимнинг ўртасини энг узуни 13 ярим соат бўладиган ёзнинг кунига илаштирдилар. Шундай қилиб, иқлимнинг ўртасини ярим соатдан ошириб бориб, энг узуни 16 соат бўладиган ёз кунига илаштирдилар», деб ёзади. Маълум бўладики, юнонлар Ерни астрономик услубда, яъни Қуёш нурининг Ерга қия тушиши асосида экватордан шим. томонга Етти иқлимга бўлганлар ва уларнинг чегаралари энг узун ёз куни ярим соатдан фарқ қиладиган жойдан ўтган. Шарқ геогр. сида юнон фанидаги «етти иклим» тушунчаси қабул қилинган. Чунончи, юнонлар Етти иқлимга ернинг улар тушунчасидаги аҳоли яшайдиган обод қисмини (Шарқий ярим шарнинг шим. палласини) киритганлар ва уни «эйкумена» ёки «ойкумена» (юн. «ойкео» — обод қилмоқ) деб атаганлар. Шарқ геогр. сида мазкур тушунча арабча «маъмура» (обод жойлар) ёки «рубъи маскун» (Ернинг одамлар яшайдиган чораги) деган сўзлар билан ифода этилди. Дунёнинг обод қисми, асосан, Етти иқлим доирасида жойлашган, деб тушунилган бўлсада, унинг чегараларига бирмунча аникликлар киритилди, мазмунан бойитилди. Мас, юнон олимлари Марин Тир ва Клавдий Птолемей ойкуменанинг чегараларини жан. да экватордан, шим. да 63° ш. к. гача деб билганлар. Мухаммад ибн Мусо Хоразмий ҳам Етти иқлимнинг жан. чегарасини жан. да экватордан ҳисоблаган, лекин шим. ни-ҳоясини 48° ш. к. да ифодалаган.

Абу Райҳон Беруний ўз кузатишлари ва ҳисоб-китоблари асосида фандаги иқлимлар тўғрисидаги тафовутли фикрларга барҳам берди. Беруний Етти иқлимнинг жан. чегарасини 12° 39’ 5» ш. к. дан ўтказди ва ундан экваторгача бўлган оралиқни «биринчи икдимнинг нариёғидаги ерлар» деб атади. Кейинги иклимларни шунга параллел равишда шим. га давом эттириб, еттинчи иқлимнинг шим. чегарасини 50° 24’ 34» ш. к. гача етказди. Абу Райҳон Беруний Етти иқлим доирасидаги ерларни обод жойлар деб, Етти иқлимдан шим. даги ва биринчи иқлимдан жан. даги маълум ерларни ободонлиги нисбатан камроқ ерлар қаторига киритди.

Етти иқлим тушунчаси моҳиятидан Ер юзасини табиий-географик зоналарга бўлишнинг дастлабки энг оддий кўриниши бўлсада, бироқ ундан анча фарқ қилади. Зеро ҳоз. табиат зоналарини аниқлашда рельеф, иқлим, тупроқ, ўсимлик ва ҳайвонот олами ҳам эътиборга олинади. Шунга қарамасдан Етти иқлим тушунчаси Шарқ геогр. сида 19-а. гача сақланиб келди.

Етти иқлимга бўлишнинг ўз даври учун бевосита илмий амалий аҳамияти бор эди. Қўлёзмаларда иқлимлар воситасида мамлакатлар, шаҳарлар ва б. турли жойларнинг географик ўрни ифодаланган. Шаҳар ва қишлоқлар рўйхати тузилган, кўпинча улар икдимлар тартибида жойлаштирилган. Бундай жадваллар Муҳаммад ибн Мусо Хоразмийнинг «Китоб сурат аларз» («Ер сурати»), Абу Райҳон Берунийнинг «Ал-Қонун ул Масъудий» («Маъсуд қонуни»), Улуғбекнинг «Зижи жадиди Кўрагоний» («Кўрагоний янги астрономик жадвали») асарларида мавжуд. Иқлим чизиқлари ёки кўрсаткичлари хариталарда ҳам белгиланган.

Омонулло Бўриев.